Путиннинг ёрдамчиси Донбассдан ҳар икки томоннинг қўшинлари олиб чиқилишини истисно қилмади, бироқ ҳудудлар “эртами кечми” барибир Москвага тегишли бўлишини айтди.
Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков “Коммерсант” нашрига Донбассда демилитаризация қилинган ҳудудид яратиш ғоясига изоҳ берди.
"Ўт очишни тўхтатиш фақат Украина Донбассдан ўз қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетганидан кейингина юз бериши мумкин. Шундан сўнг у ерда нима бўлиши ҳақида гаплашамиз", — деди Ушаков.
"Эҳтимол, Донбассда Россиянинг ҳам, Украинанинг қўшинлари бўлмайди. Аммо у ерда Росгвардия бўлади, бизнинг полициямиз бўлади, тартибни сақлаш ва нормал ҳаётни ташкил этиш учун керак бўлган ҳамма нарса бўлади", — дея қўшимча қилди Путиннинг ёрдамчиси.
Ушаковнинг таъкидлашича, ҳар қандай ҳолатда ҳам, бу ҳудуд Россия ҳудуди ҳисобланади ва агар музокара йўли билан бўлмаса, барибир ҳарбий йўл билан Москва назоратига ўтади.