Бугун 7 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Эрон собиқ президенти Руҳони олий раҳбарга қарши чиқди

Эрон собиқ президенти Руҳони олий раҳбарга қарши чиқди

2013–2021 йилларда Эрон президенти бўлган Ҳасан Руҳони ҳокимиятни урушни давом эттириш масаласида халқ билан маслаҳатлашишга чақирди.

Руҳонининг айтишича, агар ҳукмрон доиралар йирик давлатлар билан можарони яна 20 йил давом эттиришни режалаштираётган бўлса, бу масала бўйича референдум ўтказиш ва фуқароларнинг фикрини ҳисобга олиш зарур.

«Агар халқ рози бўлса, бу йўлдан давом этамиз. Аммо халқ рози бўлмаса ва бошқа йўлни кўрсатса, нега уни қабул қилмаслигимиз керак?» — деди Руҳони.

У давлат лавозимлари халқ ишончига асосланишини таъкидлаб, ҳеч ким ўз хоҳиши ёки «илоҳий мандат» асосида мамлакатни бошқариш ҳуқуқига эга эмаслигини билдирди.

Руҳонининг баёнотлари амалдаги президент Масъуд Пезешкиён ва парламент спикери Муҳаммад Боқир Қолибофнинг АҚШ билан музокараларни қўллаб-қувватловчи позициясига ҳамоҳанг.

Бироқ собиқ президентнинг халқ ҳокимиятнинг «ҳақиқий эгаси» экани ҳақидаги фикрлари Эрон Ислом Республикасининг амалдаги сиёсий тизимидаги олий раҳбарлик тамойилига зид келади.

Шу сабабли Руҳонининг бу баёнотлари Эрондаги ультраконсерватив доиралар ва олий раҳбар Можтабо Хоманаийга яқин кучларнинг кескин муносабатига сабаб бўлиши мумкин.

Киритилди: 17:55 06.09.2026. Ўқилди: 1504 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!