Бугун 16 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Эрон АҚШни Исроилга миллиардлаб доллар сарфлаётгани учун танқид қилди

Эрон АҚШни Исроилга миллиардлаб доллар сарфлаётгани учун танқид қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий АҚШдаги оммавий авиақатновлар узилишини Вашингтоннинг бюджет сиёсати, хусусан, Исроилни қўллаб-қувватлаш учун ажратаётган миллиардлаб долларлари билан боғлади.

Унинг айтишича, АҚШ расмийлари авиақатновлардаги жиддий муаммоларни навигация ускуналарининг эскиргани билан изоҳламоқда. Бироқ Вашингтон Яқин Шарқдаги қурол-яроғ ва ҳарбий операцияларга катта маблағ ажратишда давом этмоқда.

«Америкалик расмийларнинг навигация инфратузилмаси эскиргани ҳақидаги изоҳлари АҚШ жамоатчилиги олдида жиддий саволни пайдо қилди: нима учун Вашингтон ўз ускуналарини таъмирлаш ўрнига минтақада қурол-яроғ ва урушни авж олдиришга миллиардлаб доллар сарфламоқда?» — деди Бақоий.

Эрон ТИВ вакили, шунингдек, АҚШ маъмуриятини мамлакатнинг ички эҳтиёжларини эътиборсиз қолдиришда ва Теҳрон беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган деб ҳисоблайдиган Исроил сиёсатини қўллаб-қувватлашда айблади.

Баёнот АҚШ авиация тизимида юз берган йирик узилишдан кейин янгради. Ҳодиса оқибатида 4700 дан ортиқ авиарейс бекор қилинган, қарийб 10 мингта рейс эса кечиктирилган.

АҚШ расмийлари киберҳужум эҳтимолини истисно қилди ва кейинчалик авиақатновлар нормаллашганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Бақоийнинг АҚШнинг Исроилга сарфлаётган маблағлари билан авиация инфратузилмасининг техник ҳолати ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги гаплари Эрон томонининг сиёсий баҳоси бўлиб, техник носозликларнинг тасдиқланган сабаби ҳисобланмайди.

Киритилди: 22:20 15.11.2026. Ўқилди: 349 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар