Эрон 17 июль куни Иорданиядаги АҚШнинг Muwaffaq Salti ҳарбий базасига ракета зарбаси беришдан олдин Хитой разведкаси томонидан олинган юқори аниқликдаги сунъий йўлдош суратларидан фойдаланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Wall Street Journal хабар берди. Ҳужум оқибатида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, яна тўрт нафари яраланган.
WSJ маълумотларига кўра, АҚШ разведкаси Хитой тузилмалари Теҳронга АҚШнинг бошқа объектлари, жумладан, ҳарбий кемалари ҳақида ҳам маълумот тўплашда ёрдам берган ёки бермаганини текширмоқда. Бироқ АҚШ расмийлари Пекиннинг ҳужумда бевосита иштирок этганини тасдиқламаган. Хитой эса бу айбловларни рад этиб, Эрон билан ҳамкорлиги халқаро ҳуқуққа мос эканини таъкидламоқда.
Америкалик вакиллар, шунингдек, ёз ойларида Эрон зарбаларининг аниқлиги сезиларли даражада ошганини қайд этмоқда. Марказий разведка бошқармасининг собиқ таҳлилчиси Жим Лэмсоннинг фикрича, Хитой сунъий йўлдош суратлари Эронга «энг самарали нишонларни тезкор равишда танлаш» имконини берган бўлиши мумкин. Ҳужумдан сўнг Теҳроннинг ўзи ҳам базага етказилган зарарларнинг батафсил суратларини эълон қилган.
Мутахассислар Хитойдан олинган маълумотлар разведканинг ягона манбаси бўлган бўлиши шарт эмаслигини таъкидламоқда. Эроннинг ўз сунъий йўлдошлари ҳам мавжуд, шунингдек, мамлакат Россиядан ҳам разведка маълумотларини олиши мумкин.
WSJ нашри бу хабарни Дональд Трамп ва Си Цзиньпин ўртасида 24 сентябрга режалаштирилган учрашув арафасида эълон қилди.