Бугун 14 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Россия дрони Украина — Польша чегараси яқинида йўловчи поездига зарба берди

Россия дрони Украина — Польша чегараси яқинида йўловчи поездига зарба берди

Россияга тегишли учувчисиз дрон Украина — Польша чегараси яқинида йўловчи поездига зарба берди.

Ҳужум Киев — Варшава йўналишида ҳаракатланаётган поездга қилинган. Ҳодиса Волин вилоятида, Польша чегарасидан атиги икки километр узоқликда содир бўлган.

«Укрзализниця» маълумотига кўра, зарба локомотивга теккан. Йўловчилар эвакуация қилинган, жабрланганлар йўқ.

Ушбу ҳужум Россия томонидан амалга оширилган кенг кўламли зарбаларнинг бир қисми бўлган. Украина Ҳаво кучлари маълумотига кўра, Москва бир кеча давомида турли хил 453 та дрон, шунингдек, бир нечта қанотли ракеталарни қўллаган.

Энг кучли ҳужумлар Украинанинг ғарбий ҳудудларига қаратилган. Зарбалари Ягодин — Дорогуск муҳим чегара ўтиш пункти яқинига ҳам тушган. Ушбу пункт орқали Украинани Европа Иттифоқи билан боғлайдиган муҳим савдо ва логистика йўналишлари ўтади.

Польша чегарасига яқин ҳудудда ҳужум содир бўлгани сабабли Польшада ҳам ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Польша Хавфсизлик маркази Украина чегарасига яқин жойлашган бир нечта ҳудуд аҳолисини хавфдан огоҳлантирди.

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибигага кўра, бу ҳужумлар билан Россия «Европа Иттифоқи ва НАТО эшикларини қоқмоқда». У содир бўлаётган воқеаларни «Путин террори» деб атади.

Сибига Ғарб давлатларини Москвага нисбатан янада қатъий позиция эгаллашга чақирди. У Россияга нисбатан тўлиқ савдо эмбаргоси жорий этиш, кенг кўламли кириш тақиқларини ўрнатиш ва Россия ҳарбий-саноат мажмуасига нисбатан кенг қамровли санкциялар қўллашни таклиф қилди.

Киритилди: 22:51 13.09.2026. Ўқилди: 798 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!