Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Эр-Риёд Исроилнинг ҳусийларга қарши ҳарбий ҳамкорлик таклифини рад этди

Эр-Риёд Исроилнинг ҳусийларга қарши ҳарбий ҳамкорлик таклифини рад этди

Саудия Арабистони жамиятда Исроил билан ҳамкорликка нисбатан салбий муносабат пайдо бўлишидан хавотирда. Шунингдек, расмий Эр-Риёд Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришни Фаластин масаласининг ҳал этилиши билан боғлашда давом этмоқда.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Исроилнинг Эр-Риёдни Яманда ҳусийларга қарши ҳарбий операцияларда иштирок этишга жалб қилиш таклифини рад этмоқда. Haaretz газетасининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШнинг воситачилик қилиш ва Саудия Арабистони розилигини олишга қаратилган уринишлари ҳозирча натижа бермаган.

Нашр маълумотларига кўра, валиаҳд шаҳзода Исроилнинг ҳарбий ёрдамига қизиқиш билдирмаяпти. У Тель-Авив билан ҳамкорлик Саудия жамиятида салбий муносабатни келтириб чиқаришидан хавотирда.

Вазиятдан хабардор бошқа бир манбанинг газетaga айтишича, Исроил Саудия Арабистони билан ҳарбий ҳамкорлик орқали икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга умид қилмоқда. Келажакда бу икки давлат ўртасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувга йўл очиши мумкин.

Расмий Эр-Риёд ҳозирча ушбу маълумотларга муносабат билдирмаган.

Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришни Фаластин масаласи ҳал этилиши билан боғламоқда. Мамлакат Исроил билан дипломатик алоқаларга эга эмас ва, хусусан, мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш масаласи ҳал қилинмагунча муносабатларни нормаллаштириш мумкин эмаслигини таъкидлаб келади.

Эр-Риёдни Исроил билан ҳарбий ҳамкорликка жалб қилишга уринишлар Яманда вазият кескинлашгани ва ҳусийларнинг Саудия Арабистонига ҳужумлари кўпайгани ҳақидаги хабарлар фонида пайдо бўлди. Мавжуд маълумотларга кўра, аэропортларга берилган зарбалар инсонлар қурбон бўлишига ва авиақатновлар издан чиқишига олиб келган.

Шанба куни Эр-Риёддаги Шоҳ Холид халқаро аэропортига қилинган ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши жароҳатланган. Эртаси куни Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси маълумотига кўра, ушбу аэропортга навбатдаги ҳужум вақтида Покистон фуқароси ҳалок бўлган, яна 11 киши жароҳатланган.

2022 йил апрель ойида БМТ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан кейин нисбий тинчлик даври кузатилган эди. Бироқ июль ойида Яманда ҳусийларнинг ҳужумлари ва ҳарбий ҳаракатлари яна кучайгани хабар қилинди.

Ямандаги уруш 2014 йил сентябрь ойидан бери давом этмоқда. Ўша пайтда ҳусийлар мамлакат пойтахти Санъо ва бир нечта вилоятни эгаллаб олган. 2015 йил март ойида эса Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида можарога аралашган.

Киритилди: 20:18 13.10.2026. Ўқилди: 330 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!