Президент Халқ қабулхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда қайта алоқа — SMS-хабарнома юбориш хизматини ишга туширди. Энди мурожаатнинг ҳар бир босқичи ҳақида фуқарога pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинети ва SMS орқали маълумот бериб борилади.
SMS-хабарномада мурожаат ҳақида махсус ҳавола мавжуд. Фуқаролар ҳавола орқали кириб, берилган жавоблар юзасидан «Розиман» деб муносабат билдириши ёки «Эътирозим бор» деб мурожаатни қайта ижрога қайтариши мумкин. Бу орқали фуқаро ўз мурожаатини ўзи назорат қила олади.
Мурожаатларни кузатиб боришнинг соддалаштирилган 5 босқичли тартиби
- Фуқаро SMSда келтирилган ҳавола орқали pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинетига киради.
- У ерда фуқаро ўз мурожаатининг барча босқичларини реал вақт режимида кузатиб туриши мумкин.
- Мурожаати ўрганилиб, жавоб берилса, ўша заҳоти фуқаронинг pm.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтган телефон рақамига махсус ҳаволаси бор SMS-хабарнома юборилади.
- Фуқаро SMSни очиб, ҳавола орқали pm.gov.uz сайтидаги шахсий кабинетига киради, мурожаатига юборилган жавоб билан танишади ва ўз фикрини билдириш имкониятига эга бўлади.
- Агар фуқаро ўзига юборилган жавобдан қониқиш ҳосил қилса ёки муаммоси ҳал этилган бўлса, «Розиман» тугмасини босади. Агар жавобдан қониқмаса ёки масаласи ижобий ечим топмаган бўлса, «Эътирозим бор» тугмасини босади. Бунда мурожаат ижрога қайтарилади ва қайта кўриб чиқилади.