Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг рафиқаси Эмине Эрдоған Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган «Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли ривожланишига олиб борувчи йўл» мавзусидаги Бутунжаҳон саммитида нутқ сўзлади.
Саммит иштирокчиларини қутлар экан, у Мовароуннаҳр гавҳари бўлмиш Ўзбекистонда бўлиб турганидан мамнунлигини билдирди.
Эмине Эрдоған болалар фаровонлигини муҳокама қилиш учун Самарқандда жам бўлиш алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Хоразмий каби буюк алломаларнинг бебаҳо илм ва ҳикмат мероси болалар учун тинч ва адолатли дунё барпо этиш йўлида маёқ бўлиб хизмат қилади.
«Бизнинг назаримизда бола — инсониятнинг юрагидир. Уларга тегишли масалалар ҳар доим глобал кун тартибининг марказида туриши керак», — деди у.
Эмине Эрдоған жамиятнинг барқарор ривожланиши ва келажаги билан болалар фаровонлигига киритиладиган сармоя ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, болалар фаровонлигини баҳолашда овқатланиш, бошпана, хавфсизлик, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш каби асосий эҳтиёжларни қондириш муҳим мезон ҳисобланади. Бироқ болаларнинг мактабга бориши ҳар доим ҳам сифатли таълим олиши, зўравонликка учрамаслиги, меҳр ва эътибор кўриши таъминланганини англатмайди. Шу боис болалар фаровонлигини баҳолашда фақат анъанавий кўрсаткичлар ва статистик рақамлар билан чекланиб қолмаслик керак.
«Рақамлар нимани диққат марказига олганимизни кўрсатса, айни шу рақамлар нимани эътибордан четда қолдираётганимизни ҳам англатади», — деди у.
Эмине Эрдоған бугунги кунда болалар иқлим инқирози, урушлар ва улар оқибатидаги мажбурий миграция каби кўп қиррали муаммоларга дуч келаётганини қайд этди. Шунингдек, иқлимдан хавотирланиш, сунъий интеллект, рақамли зўравонлик ва инсон диққатидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар янги авлод олдидаги долзарб масалаларга айланаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, «болалар фаровонлиги» тушунчасини замон талабларига мос равишда қайта кўриб чиқиш зарур.
Эмине Эрдоған Туркияда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий сиёсат давр талабларидан келиб чиқиб ривожлантирилаётганини таъкидлади. Мамлакатда боланинг жисмоний эҳтиёжлари билан бир қаторда унинг руҳий, маънавий ва ахлоқий эҳтиёжларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
«Аввало, оила институтини муҳофаза қилиш болани ҳимоя қилишнинг асосий шарти, деган тамойилга таянамиз. Шу муносабат билан 2025 йилнинг Муҳтарам Президентимиз томонидан “Оила йили” деб эълон қилиниши узоқ муддатли қарашнинг биринчи қадами бўлди. 2026–2035 йиллар даврини эса “Оила ва демография ўн йиллиги” деб белгиладик», — деди у.
Шунингдек, Эмине Эрдоған «Туркия асри маърифат модели» орқали болаларни ўз географияси нуқтаи назаридан дунёни англай оладиган ва замонавий билимлар билан қуролланган етук шахслар этиб тарбиялашга интилаётганларини маълум қилди.
У рақамли муҳитда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам тўхталди. Эмине Эрдоғаннинг таъкидлашича, Туркия болаларни рақамли ҳаёт хавфларидан ҳимоя қилиш мақсадида «Рақамли дунёда болалар ҳуқуқлари конвенцияси» доирасида чоралар кўраётган мамлакатлардан биридир. Ушбу йўналишда 15 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши чекланган, платформалар зиммасига эса ёшни тасдиқлаш ва ота-она назоратини таъминлаш каби мажбуриятлар юкланган.
UNICEF томонидан намунавий лойиҳа сифатида эътироф этилган «Gönül Elçileri» («Кўнгил элчилари») ташаббуси ҳақида сўз юритар экан, Эмине Эрдоған оилавий парвариш тизими кенгайтирилаётганини қайд этди. Бугунги кунда Туркияда 11 мингдан ортиқ бола васий оилалар қарамоғида яшамоқда. Ушбу тизимга миграция туфайли мамлакатга келган, урушдан жабр кўрган болалар ҳам жалб этилмоқда.
Унинг таъкидлашича, барча болаларнинг фаровонлигини таъминлашда камситишларга йўл қўймаслик, ҳукуматлар, оилалар, педагоглар, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши муҳим аҳамиятга эга.
«100 дан ортиқ мамлакат вакиллари сифатида дунёдаги барча болаларга адолатли ва тенг имкониятлар яратиш, уларнинг эҳтиёжларига овоз бўлиш учун жамландик. Шундай экан, бу овозни, айниқса, уруш ҳудудларида яшаётган ва келажак ҳақида ҳеч қандай орзу қила олмаётган болалар муаммоларини ҳал этиш учун кўтарайлик.
Бугун Ғазодаги 1 миллиондан ортиқ бола болалар фаровонлиги доирасида ўз ҳуқуқларига эришиш орзуси билан яшамоқда. Унутмайликки, ҳеч ким ортда қолмайдиган дунё фақат уруш сиреналари ўчгандагина мумкин бўлади.
Болалар бизнинг энг муҳим масаламиздир ва Туркия сифатида уларга наф келтирадиган ҳамкорликларга ҳар доим тайёрмиз», — деди Эмине Эрдоған.