Мамлакатимизда электромобилларни ривожлантириш, уларни қувватлаш станциялари инфратузилмасини кенгайтириш ва экологик тоза транспорт турларидан фойдаланишни рағбатлантириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Фуқаролик жамияти, тадбиркорлар ва мутасаддилар томонидан электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил этиш ва электромобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар электромобилларни қувватлаш станциялари фаолиятида айрим камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган электромобиллар ҳамда қувват олувчи гибрид транспорт воситалари учун мўлжалланган қувватлаш станцияларини электр тармоғидан вақтинча узиб қўйиш ва уларнинг фаолиятини чеклаш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида хабарлар тарқалгани жамоатчиликнинг ҳақли норозилигидан дарак беради.
Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамахмудов номига сенатор сўрови юборди.
Сенатор электромобиллар ва қувват олувчи гибрид транспорт воситалари учун қувватлаш станцияларини электр тармоғидан узиш ва уларнинг фаолиятини чеклаш сабаблари, мазкур станциялар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тегишли инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган келгусидаги режалар юзасидан асослантирилган маълумот тақдим этишни сўраган.