Бугун 8 июль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Элдор Арипов Пекинда ШҲТ салоҳиятини ошириш бўйича ташаббусларни илгари сурди

Элдор Арипов Пекинда ШҲТ салоҳиятини ошириш бўйича ташаббусларни илгари сурди

Жорий йилнинг 2–4 июль кунлари Пекинда “Глобал тинчлик ва фаровонликни ривожлантириш: умумий масъулият, манфаат ва ютуқлар” шиори остида 13-Бутунжаҳон тинчлик форуми ўтказилди.
Тадбир Синхуа университети ва Хитой ташқи ишлар институти томонидан ташкил этилди. Форумда 86 мамлакат ва минтақадан 1200 дан ортиқ вакиллар, жумладан, собиқ давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, етакчи таҳлилий марказлар раҳбарлари ва экспертлар иштирок этди.

Жаҳон тартиботининг ўзгариши шароитида минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва Евроосиёда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Фахрий меҳмонлардан Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Хан Жжэн, Бельгия собиқ бош вазири ва Европа кенгашининг собиқ президенти Герман ван Ромпей, Япония собиқ бош вазири Юкио Хатояма ва бошқалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ШҲТнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрнига бағишланган сессияда маърузачи сифатида сўзга чиқди.

У ўз нутқида сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт ичида ШҲТ Осиё, Европа ва Африканинг 26 мамлакатини, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши, G20, БРИКС ва АСЕАН аъзоларини бирлаштирган халқаро тизимнинг муҳим элементига айланганини таъкидлади. Ташкилот мамлакатлари ҳиссасига дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи (3,5 миллиард киши), жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 1/4 қисми ва жаҳон савдосининг 15 фоиздан ортиғи тўғри келади. 2024 йилда 10 та аъзо давлатнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 25 триллион долларни ташкил этган.

Уюшманинг 80 дан ортиқ халқаро шартнома, 35 та устав органи ва 40 та ишчи механизмни ўз ичига олган мустаҳкам институционал асосга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Э.Арипов бирлашма самарадорлигининг ишончли мисоли сифатида Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) фаолиятини келтирди. МАТТ уч йил давомида 200 дан ортиқ террорчилик гуруҳларни аниқлаган ва зарарсизлантирган ҳамда 7,6 мингга яқин қурол-яроғни мусодара қилган. Бундан ташқари, савдони рағбатлантириш бўйича кўрилган чоралар натижасида аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 20 йил ичида 100 бараварга ошган.

ШҲТнинг кучи ва ўзига хослиги маданий-цивилизацион, иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан бутунлай фарқли давлатларни бирлаштира олиш қобилиятида намоён бўлади. Э.Арипов таъкидлаганидек, ШҲТнинг алоҳида жозибадорлиги унинг блокларга қўшилмаслик мақоми, очиқлик тамойили ҳамда учинчи мамлакатларга қарши йўналтирилмаганлиги билан таъминланади.

Шу билан бирга, эришилган таъсирчан натижаларга қарамай, ШҲТ, СМТИ директори таъкидлаганидек, янги геосиёсий воқеликка мослашиши лозим. Халқаро институтлар ва ядровий тийиб туриш тамойилларига асосланган аввалги жаҳон тартиби ўз барқарорлигини йўқотиб бормоқда. Икки қутбли модел ўтмишда қолди, бир қутблилик кўп қутблилик билан алмашиняпти, глобал бошқарув механизмлари эса ишонч инқирозини бошдан кечирмоқда.

СМТИ раҳбари ШҲТнинг хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги самарадорлигини ошириш масаласида сўз юритар экан, бир қатор аниқ чора-тадбирларга эътибор қаратди.

Биринчидан, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик институтларини кучайтириш зарур. СМТИ директори кибертахдидларга қарши курашиш, терроризмни молиялаштиришга чек қўйиш масалалари бўйича ваколатларини кенгайтирган ҳолда Тошкентдаги МАТТ негизида Универсал марказ ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Экспертнинг таъкидлашича, террорчиларнинг тарғибот, молиялаштириш, таълим бериш ва киберҳужумларни режалаштириш учун рақамли платформалардан фаол фойдаланиши алоҳида ташвиш уйғотмоқда. У шунингдек, Бишкекда Халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази ва Душанбе шаҳрида Гиёҳвандликка қарши кураш марказини ташкил этиш бўйича узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган таклифларни эслаб ўтди. Унинг айтишича, бу тузилмалар нафаќат расмий мақомга, балки ҳақиқий ваколатларга, ресурсларга ва тезкор ҳамкорлик механизмларига эга бўлиши зарур.

Э.Арипов, шунингдек, Хитойдаги анжуманда Ўзбекистон Президенти томонидан Деҳли саммитида илгари сурилган Экстремистик мафкурага қарши курашиш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган дастурни қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Иккинчидан, Афғонистон масаласида ШҲТнинг келишилган ёндашувларини ишлаб чиқиш керак, чунки бу мамлакатдаги вазият минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. "Биз олдинги хатоларни такрорламаслигимиз лозим — яккаланиш фақат ижтимоий-иқтисодий аҳволни ёмонлаштириб, бузғунчи кучларнинг фаоллашуви учун шароит яратади", дея таъкидлади директор. Шу нуқтаи назардан, у саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва умумий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадида ШҲТ — Афғонистон алоқа гуруҳининг фаолиятини қайта йўлга қўйишни таклиф этди.

Сўзининг якунида Элдор Арипов ҳозирги шароитда бирдамликнинг заифлашишига йўл қўймаслик, Шанхай руҳи ва ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.
"Ташкилот минтақавий хавфсизликнинг янги архитектурасини шакллантиришда етакчи кучга айланиш учун барча зарур салоҳиятга эга", — дея таъкидлади у.

Киритилди: 14:38 05.07.2025. Ўқилди: 430 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!