Европа Иттифоқи АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинадаги можарони тугатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари давом этаётган бир пайтда Украинага учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталар сотиб олиш учун қўшимча маблағ ажратмоқчи. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Владимир Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашганидан сўнг маълум қилди.
«Шу ҳафта Европа Иттифоқи дронлар ва ракеталар сотиб олиш учун қўшимча маблағ ажратади», — деб ёзди фон дер Ляйен X ижтимоий тармоғида.
Европа комиссияси раҳбари янги молиявий ёрдамнинг аниқ миқдори, молиялаштириш манбалари ва маблағларни ажратиш муддатларини очиқламади.
Унинг маълум қилишича, Украинадаги вазият 15–16 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитининг асосий мавзуларидан бири бўлади. Унда Европа етакчилари Киевнинг келгуси йил учун молиявий эҳтиёжларини ва халқаро ёрдамни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилади.
«Бу ҳафта Европа кенгаши йиғилишида Украина асосий эътибор марказида бўлади. Биз унинг келгуси йил учун молиявий эҳтиёжларини ва янги халқаро кўмакни сафарбар этиш йўлларини муҳокама қиламиз», — деди фон дер Ляйен.
Фон дер Ляйеннинг баёнотлари АҚШ маъмурияти Украинадаги можарони ҳал этиш бўйича янги дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга ошираётган бир пайтда янгради.