Эълон қилинган таққослама жадвалга кўра, Европа комиссияси дастлаб таклиф қилган «Барқарорлик ва хавфсизлик, мудофаа саноати ва космос» йўналиши учун маблағ 130,704 миллиард евродан 113,712 миллиард еврога туширилмоқда. Қисқартириш қарийб 17 миллиард еврони ташкил этади.
Ҳарбий ҳаракатчанлик дастури учун ажратиладиган маблағ ҳам 17,651 миллиард евродан 15,644 миллиард еврога камайтирилиши кўзда тутилган. Ушбу дастур маблағлари, жумладан, ЕИ давлатлари ўртасида ҳарбийлар ва ҳарбий техникани тезроқ кўчириш имконини берувчи транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган умумевропа Connecting Europe Facility дастури маблағларини 81,428 миллиард евродан 69,713 миллиард еврога қисқартириш таклиф қилинмоқда.
Илмий тадқиқотларга мўлжалланган Horizon Europe дастури бюджети ҳам 175 миллиард евродан 158,2 миллиард еврога камайтирилиши режалаштирилган.
Умуман олганда, «Рақобатбардошлик, фаровонлик ва хавфсизлик» бюджет йўналишини Европа комиссиясининг дастлабки лойиҳасига нисбатан қарийб 75,2 миллиард еврога қисқартириш таклиф этилмоқда.
ЕИ Кенгашига раислик қилаётган Ирландия ушбу таклифларни шанба куни давлатлар ўртасида 2028–2034 йилларга мўлжалланган кўп йиллик бюджет ҳажми борасидаги келишмовчиликлар давом этаётган бир пайтда тақдим этди. Германия ва унинг иттифоқчилари харажатларни сезиларли даражада қисқартиришни талаб қилмоқда, бошқа давлатлар эса айрим дастурларнинг молиялаштирилиши камайтирилишига қарши чиқмоқда.
ЕИнинг янги бюджети умумий ҳажмини 159 миллиард еврога камайтириб, 1,826 триллион еврога тушириш таклиф қилинган. Ҳужжат дастлабки хусусиятга эга бўлиб, 15–16 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда ЕИ етакчилари томонидан муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Европа Иттифоқи ўз мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва ҳарбий ҳаракатчанликни ошириш, жумладан, қўшинлар ҳамда техникани шарқий қанотга тезроқ кўчириш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Бироқ янги бюджет лойиҳасида тегишли дастурларни молиялаштириш Европа комиссиясининг дастлабки таклифларига нисбатан камайтирилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Украина учун келгуси етти йил давомида қарийб 100 миллиард евро миқдоридаги молиявий ёрдамни аввалги даражада сақлаб қолиш режалаштирилмоқда.