АҚШ расмийлари Россиянинг нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатмаса, Украинани разведка маълумотларидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган. Бу ҳақда Axios нашри Украина расмийсига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, бу масала Майамида икки мамлакат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган. Америка томони Киевдан Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига зарбалар беришни тўхтатишни талаб қилган. Бироқ, айрим манбалар АҚШ томонидан бундай таҳдид бўлганини рад этмоқда.
Axios таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трамп Украинанинг Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужумларини Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасига зарбалари билан тенг деб ҳисобламайди.
Нашр тахминига кўра, Киевнинг АҚШ илтимосларини бир неча бор инобатга олмагани Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан дизель ёқилғиси бўйича келишув тузиш қарорига таъсир қилган бўлиши мумкин.