Андижон ва Бухоро вилоятларида хорижга жами 44,5 минг доллар нақд пулни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб чиқишга уринишлар фош этилди. Бу ҳақда божхона органлари маълум қилди.
Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона постида божхона ходимлари чегара вакиллари билан ҳамкорликда Қирғизистонга йўл олган Volvo русумли транспорт воситасини текширди.
Текширув давомида ҳайдовчининг қўл сумкаси ва кийимининг ички чўнтагидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда декларациядан ўтказилмаган 34 минг доллар нақд пул топилди.
Шунга ўхшаш ҳолат Бухоро халқаро аэропортида ҳам қайд этилди. «Бухоро — Внуково» авиарейси орқали хорижга учмоқчи бўлган фуқаро божхона ходимининг саволига жавобан ўзида белгиланган меъёрдан ортиқ нақд валюта йўқлигини айтган.
Бироқ қўл юки текширилганда, ундан рухсат этилган меъёрдан ортиқ 10,5 минг доллар аниқланган.
Ҳозирда Андижондаги ҳолат юзасидан суриштирув, Бухородаги воқеа бўйича эса терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, жисмоний шахсларга божхона чегараси орқали эквиваленти 100 миллион сўмга тенг ёки ундан кам бўлган миқдордаги нақд валютани олиб чиқишга рухсат берилади.