Бугун 14 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Дунёда 739 миллион катта ёшли инсон ҳануз асосий саводхонлик кўникмаларига эга эмас

Дунёда 739 миллион катта ёшли инсон ҳануз асосий саводхонлик кўникмаларига эга эмас

YUNESKO маълумотларига кўра, дунёда ёшларнинг саводхонлик даражаси 1975 йилдаги 75 фоиздан 2024 йилда 93 фоизга етган. Бироқ бу тараққиётга қарамай, ҳануз миллионлаб инсонлар энг оддий ўқиш ва ёзиш кўникмаларидан маҳрум.

Ташкилот маълум қилишича, ҳозир дунё бўйлаб 739 миллион катта ёшли инсон асосий саводхонлик кўникмаларига эга эмас. Уларнинг қарийб учдан икки қисмини аёллар ташкил этади.

YUNESKO Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллиги муносабати билан саводхонликни инсоннинг асосий ҳуқуқи сифатида яна бир бор таъкидлади.

«Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллигини нишонлар эканмиз, саводхонликни инсоннинг асосий ҳуқуқи ва ҳаёт, иқтисодиёт ҳамда жамиятларни ўзгартирувчи куч сифатида яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди YUNESKO Бош директори Холид Эл-Энани.

Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги 50 йилда дунёда саводхонлик соҳасида сезиларли тараққиёт кузатилган. Жаҳонда ёшларнинг саводхонлик даражаси 1975 йилда 75 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 93 фоизга етган. Катта ёшли аҳолининг саводхонлик даражаси эса 65 фоиздан 88 фоизга ошган.

Шу билан бирга, дунёда 273 миллион нафар бола ва ёш таълимдан четда қолмоқда. Паст ва ўрта даромадли мамлакатларда 10 ёшли болаларнинг 70 фоизи оддий матнни ўқиб, унинг мазмунини тушуна олмайди.

«Бу рақамлар бой берилган имкониятлар ва салоҳиятни, шунингдек, инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири таъминланмаётганини англатади», — деди Эл-Энани.

Халқаро саводхонлик куни ҳар йили 8 сентябрь куни нишонланади. YUNESKO ушбу санани 1966 йилда белгилаган бўлиб, 1967 йилдан буён саводхонликнинг адолатли, тинч ва барқарор жамият барпо этишдаги аҳамиятини ёритиш мақсадида турли тадбирлар ўтказиб келинади.

Бу йилги Халқаро саводхонлик куни «Инсонлар, сайёра ва фаровонлик учун саводхонлик» мавзусига бағишланган. Юбилей муносабати билан YUNESKOнинг глобал тадбирлари 8–9 сентябрь кунлари Мексикада ўтказилмоқда.

Халқаро саводхонлик кунининг 60 йиллиги Афғонистонда таълим инқирози, айниқса, қизлар ва аёлларнинг таълим олиш имкониятлари кескин чекланган бир шароитда нишонланмоқда.

Толибон маъмурияти қизларнинг олтинчи синфдан кейин таълим олишини, аёлларнинг эса университетларда ўқишини тақиқлаган. Шу сабабли Афғонистон қизлар ва аёлларга ўрта ва олий таълим олиш тақиқланган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.

Бундай чекловлар қизлар ва аёлларнинг саводхонлиги, келгусида иш билан таъминланиши ва зарур хизматлардан фойдаланишига узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатишидан хавотирлар кучаймоқда. БМТ ҳам бир неча бор қизларни таълимдан четлаштириш оқибатлари нафақат бугунги, балки келажак авлодларга ҳам таъсир қилишини таъкидлаган.

UNESCOнинг глобал саводхонлик стратегиясида гендер тенглигига, шунингдек, таълимдан четда қолиш хавфи юқори бўлган аҳоли қатламларини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ташкилот таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, давлат таълим тизимларини мустаҳкамлаш ва жамоалар асосидаги таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Замонавий технологиялар ахборотни қабул қилиш ва ундан фойдаланиш усулларини ўзгартираётгани сабабли YUNESKO саводхонлик тушунчасини ҳам кенгайтирмоқда.

Хусусан, ташкилот медиа ва ахборот саводхонлиги, сунъий интеллект саводхонлиги, ёлғон ва чалғитувчи ахборотни аниқлаш ҳамда интернетда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

«Ушбу муҳим санада саводхонликнинг инсонлар, сайёра ва фаровонлик учун ўзгартирувчи кучидан фойдаланиш йўлида олдимизда турган вазифаларни бажаришга бўлган садоқатимизни яна бир бор тасдиқлайлик», — деди Эл-Энани.

Киритилди: 23:50 11.09.2026. Ўқилди: 772 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!