Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИДА ҲАМ ЮРТИМИЗДАГИ БАРЧА ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ТУНУ КУН ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА

ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИДА ҲАМ ЮРТИМИЗДАГИ БАРЧА ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ ТУНУ КУН ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА

Мамлакатимиздаги кескин эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги барча тиббиёт муассасаларининг туну кун узлуксиз фаолият олиб бориши йўлга қўйилди.

Унга кўра:

🏨Махсус СOVID-19 поликлиникаларининг тўлақонли фаолият юритишини;

🏨мамлакатимиздаги 199 та кўп тармоқли поликлиникаларда уч нафар умумий амалиёт ва бир нафар педиатр шифокори ҳамда уларга бириктирилган ҳолда уч нафар ҳамшира ва муолажа хонасига масъул ходимлардан иборат таркибда 2 сменада туну-кун навбатчилик ташкил этилишини;

🏨барча оилавий поликлиникаларда тегишли автомобиллар бириктирилгани ҳолда туну-кун ишлайдиган 2-3 нафардан оилавий шифокор ва ҳамширадан иборат постларни ташкил этилишини;

🏨Call-марказ (1003) орқали малакали мутахассислар коронавирус бўйича аҳоли томонидан берилаётган саволларга туну кун тўлиқ жавоб берилиши белгиланган.

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси, пневмония ёки ушбу касалликларга гумон қилинган ва бошқа юқумли хасталиклар билан касалланган беморларни даволаш мақсадида мамлакатимиз бўйича жами 82 та махсус шифохоналар фаолият юритмоқда.

Касаллик клиник белгиларсиз ва енгил кечаётганлиги сабабли уй шароитида даволанаётган беморлар саломатлиги назорати ва даволанишини ташкил этиш ҳамда уларга амбулатор ҳамда бемор уйига борган ҳолда хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида 124 та ихтисослаштирилган махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 222 та “мобил бригадалар” ташкил этилган.

Кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, дам олиш кунларида тез тиббий ёрдам хизматига мурожаатларнинг кескин ортганини кўриш мумкин. Бу эса коронавирус билан алоқадор бўлмаган бошқа мурожаатчиларга хизмат кўрсатишда қийинчиликлар ҳам келтириб чиқариши мумкин.

Бу вазиятда халқимиз хизматида бўлиб турган тез тиббий ёрдам ходимларининг меҳнатини ва вақтини, уларга мурожаат қилаётган беморларнинг саломатлигини ҳисобга олган ҳолда, ўзида коронавирус аломатларини сезган юртдошларимиздан юқорида фақат шундай беморларгагина хизмат кўрсатадиган муассасаларга ҳам мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.

Шу ўринда, пойтахтимизнинг ҳар бир туманида фаолият юритаётган махсус поликлиникаларнинг манзиллари ва телефон рақамлари ҳақида 👉🏻бу ерда (https://t.me/ssvuz/6720) маълумот олишингиз мумкин.

Тобора қалтис тус олаётган COVID-19 пандемияси даврида ўзингизни ва яқинларингизнинг соғлигини асранг. Унутманг, вакцинация — вирусни енгишнинг ягона йўли.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

▶️@ssvuz
▶️@ssvmatbuotkotibi

Киритилди: 17:05 21.07.2021. Ўқилди: 2303 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!