Дамашқ шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаръа Россиядан собиқ президент Башар Асадни топширишни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
28 январь куни Сурия пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда Россия номидан мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов қатнашган.
Суриянинг янги раҳбарияти Москвадан ўтмишдаги хатоларни тан олиш ва товон тўлашни талаб қилган. Россия делегацияси буни рад этган.
Музокараларда Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базалари тақдири ҳам муҳокама этилган.
Томонлар зиддиятли масалаларда бир тўхтамга келмаган. Фақат музокараларни давом эттиришга келишиб олишган.
Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 8 декабрь куни «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи бошчилигидаги исёнчилар Дамашқни эгаллаб, Башар Асаднинг 24 йиллик ҳукмронлигига чек қўйган эди. Бунинг ортидан Асад Россияга қочиб кетган.
Reuters агентлиги Башар Асад қочиш ҳақида ҳатто ўз яқинларини ҳам огоҳлантирмагани ҳақида ёзган.
Декабрь ойида охирида Б.Асадни Москвада заҳарлашга уриниш бўлгани ҳақида ҳам хабар тарқалган.
Таҳлилчиларга кўра, Россиянинг Сурия янги ҳукумати билан ҳарбий базалар бўйича музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Россияга қарашли Тартус ҳарбий-денгиз порти ва Хмеймим авиабазаси Москванинг нафақат Сурия, балки бутун Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасидаги муҳим ҳарбий таянчи бўлиб келган. 2017 йилда, Асад президентлиги даврида Дамашқ ва Москва икки базадан Россия 49 йил давомида фойдаланиши ҳақида битим имзолаган. Сурияда ҳукумат ўзгариши ортидан бу битимлар ўз кучини йўқотган.
2024 йил декабрь ойи ўрталарида Кремль Суриянинг янги ҳукумати билан Тартус ва Хмеймим базалари хусусида келишувга эришишга яқин тургани хабар қилинганди.
Сўнгги ойларда Европа Иттифоқи Сурия билан дипломатик музокараларни фаоллаштирди. Дамашққа Франция ва Германия ташқи ишлар вазирлари келди. BBC нашри ёзишича, ЕИ Суриядан Россия билан ҳарбий базалар бўйича келишувни рад этишни сўраган. Брюссель Сурияга қарши санкциялар юмшатилишига ҳам ишора қилган.
Москванинг Суриядаги ҳарбий базани сақлаб қолиш уринишларига Туркия ҳам қарши чиқаётгани айтилмоқда.
Кузатувчилар Россия ҳарбий самолётлари фуқаролар уруши даврида мухолиф кучларга қарши ҳужумлар уюштирганига эътибор қаратган. Янги маъмурият «ўтмишдаги хатолар» деганда Россия томони уларга қарши уюштирган аёвсиз ҳужумларни назарда тутаётган бўлиши мумкин.
Суриянинг янги ҳукумати яқинда мамлакат ҳудудига уч давлат, жумладан, Россиядан маҳсулот олиб киришни ҳам тақиқлаганди.