Россия оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Санкт-Петербургдаги саккиз мингта шаҳар ташқи кузатув камераси "этник ўзига хослик"ни аниқлашга мослаштирилмоқда.
Амалдорларнинг таъкидлашича, тизим муҳожирлар ва уларнинг зич жойлашган ҳудудларини кузатиш учун қўлланилади.
Уларнинг айтишича, янги функция оммавий тадбирлар вақтида хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, турли тилларни биладиган кўнгиллилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини тезкор жалб этиш имконини беради.
Санкт-Петербург маъмуриятининг миллатлараро муносабатлар қўмитаси раиси Олег Капитанов айтишича, тизим "этник анклавлар шаклланишига" қарши курашиш ва "минтақада ижтимоий кескинликнинг олдини олиш бўйича ўз вақтида профилактик чоралар кўриш" учун ишлаб чиқилган.
"Коммерсант" газетаси ёзишича, этник мансубликни аниқлаш технологияси учун лицензия харид қилишга 38,4 миллион рубль ажратилган.
Ташаббус ахлоқий нуқтаи назардан баҳс-мунозара ва танқидларга сабаб бўлди. Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев лойиҳани "инсон қадр-қимматини камситувчи" деб атади.