Бугун 12 ноябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

COP31 ВА ТУРКИЯНИНГ ИҚЛИМ ДИПЛОМАТИЯСИ: ГЛОБАЛ МАСЪУЛИЯТДАН МУШТАРАК КЕЛАЖАК САРИ!

COP31 ВА ТУРКИЯНИНГ ИҚЛИМ ДИПЛОМАТИЯСИ: ГЛОБАЛ МАСЪУЛИЯТДАН МУШТАРАК КЕЛАЖАК САРИ!

Иқлим ўзгариши бугунги кунда экологик сиёсат доирасидан чиқиб, халқаро хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, энергия таъминоти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий фаровонлик каби кўплаб йўналишларни қамраб олган глобал муаммога айланди. Шу боис иқлим инқирозига қарши кураш давлатларнинг алоҳида саъй-ҳаракатларидан кўра халқаро ҳамкорликни, умумий масъулиятни ва узоқ муддатли стратегик қарашни тақозо этади. Туркиянинг БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Томонлар конференциясининг 31-сессияси (COP31)га мезбонлик қилиши ва унга раисликни ўз зиммасига олиши мамлакатимизнинг ушбу глобал масъулият доирасида бажараётган муҳим дипломатик миссиясидир.

2026 йил 9–20 ноябрь кунлари Анталияда бўлиб ўтадиган COP31 Туркия тарихида илк бор ушбу миқёсдаги халқаро иқлим саммитига мезбонлик қилиши билан алоҳида тарихий аҳамият касб этади. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған қарорига мувофиқ, Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум раислигида ташкил этилаётган ушбу жараён Туркиянинг иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича глобал қарорлар қабул қилиш механизмларидаги иштирокини кучайтиришга бўлган қатъий интилишини намоён этади. Умумий майдони қарийб 1,1 миллион квадрат метрни ташкил этадиган мазкур тадбирда 197 мамлакат вакиллари, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, ишбилармон доиралар, олимлар ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Туркиянинг COP31 доирасидаги ёндашувини ажратиб турадиган асосий жиҳат саммитни оддий музокаралар майдонидан юқори босқичга олиб чиқиб, уни «Амалга оширишга йўналтирилган COP» (Implementation COP) сифатида шакллантиришидир. Ушбу ёндашув иқлим ўзгаришига қарши кураш борасидаги баёнот ва мажбуриятларни аниқ сиёсий чораларга, молиялаштириш механизмларига ҳамда амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳаларга айлантиришни назарда тутади. Туркия илгари сураётган мулоқот, келишув ва амалий ҳаракат тамойилларига асосланган ёндашув халқаро иқлим бошқарувида ишончни мустаҳкамлаш ва умумий масъулиятни кучайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

COP31нинг устувор йўналишлари ҳам ушбу стратегик қарашнинг кўламини намоён этади. «Нол чиқинди», тоза энергияга ўтиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгаришига чидамли шаҳарлар, яшил саноатлаштириш, ёшлар ва таълим, океан ва денгизларни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимларининг барқарорлигини таъминлаш каби масалалар иқлим инқирозининг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатларини биргаликда қамраб олади. Шунингдек, 2035 йилгача электрлаштириш кўламини кенгайтириш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш, биноларда энергия самарадорлигини ошириш ва айланма иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган мақсадлар иқлим сиёсатини ўлчаш мумкин бўлган аниқ натижаларга йўналтиришни кўзда тутади.

Туркия иқлим дипломатиясининг эътиборга молик жиҳатларидан яна бири экологик масалаларни технология, маданият, иқтисодиёт ва жамоатчилик иштироки билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқишидир. COP31 доирасида ташкил этилган Кўк ва Яшил ҳудудлар ушбу ёндашувнинг амалий ифодасидир. Кўк ҳудуд БМТ назорати остидаги расмий музокаралар ва дипломатик учрашувлар учун хизмат қилса, Яшил ҳудуд давлат идоралари, хусусий сектор, университетлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва ёшларни амалий ечимлар ишлаб чиқиш жараёнига жалб этади. Шу тариқа дипломатик қарорларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда амалий ифодасини топиши кўзда тутилади.

Туркиянинг COP31 ташкилотчилигига олиб кирган «Нол чиқинди» ёндашуви экологик дипломатия нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Эмине Эрдоған хонимнинг ташаббуси ва раҳнамолигида халқаро миқёсда эътироф этилган «Нол чиқинди» ҳаракатининг саммитни ташкил этиш тамойилларига сингдирилиши Туркияга экологик сиёсат борасидаги тажрибасини жаҳон ҳамжамияти билан баҳам кўриш имконини беради. Санъатдан гастрономиягача, маҳаллий ишлаб чиқаришдан барқарор туризмгача бўлган тадбирлар эса иқлим муаммосининг ижтимоий ва маданий жиҳатларини кенгроқ намоён этади.

Туркия иқлим дипломатиясининг яна бир стратегик жиҳати унинг географик жойлашувидан келиб чиқадиган кўприк вазифасидир. Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Ўрта ер денгизи ҳавзаси кесишган ҳудудда жойлашган Туркия энергетика хавфсизлиги, транспорт йўлаклари, қайта тикланувчи энергия инвестициялари ва иқлим молиялаштируви соҳаларида турли минтақавий иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим имкониятларга эга. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан энергетика, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги, биологик хилма-хиллик ва экологик барқарорлик йўналишларида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар иқлим дипломатиясига минтақавий мазмун ва стратегик чуқурлик бағишлаши мумкин.

Ўзбекистон учун ҳам COP31 муҳим имкониятларни тақдим этади. Қурғоқчилик, сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш, Оролбўйи ҳавзасидаги экологик муаммолар, чўлланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини иқлим ўзгаришига мослаштириш минтақанинг устувор масалалари сирасига киради. Туркиянинг техник салоҳияти ва дипломатик тажрибасини Ўзбекистоннинг амалий тажрибаси билан уйғунлаштириш Туркий дунё миқёсида умумий иқлим ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, COP31 Туркия учун халқаро тадбирга мезбонлик қилишдан анча кенг маънога эга. Туркия ушбу саммит орқали иқлим ўзгаришига қарши курашда қарорлар қабул қиладиган, ўзаро келишувга эришадиган ва амалий ечимлар ишлаб чиқадиган давлатлар орасида янада фаол мавқега эга бўлишни мақсад қилмоқда. Ушбу мақсаднинг муваффақияти эса белгиланган вазифаларнинг узоқ муддатли сиёсат ва аниқ натижаларга айланиши билан ўлчанади. Иқлим инқирози давлат чегараларини тан олмайдиган бугунги дунёда Туркия илгари сураётган асосий ғоя аниқ: Келажакни асраш — барчамизнинг умумий масъулиятимиз, барқарор дунёни барпо этиш эса муштарак иродамиз маҳсулидир.

Проф. Др. Меҳмет ЮЖЕ
Туркия Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси
Коммуникациялар бўйича маслаҳатчи

Киритилди: Бугун 14:51. Ўқилди: 172 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар