Бугун 12 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Чиқиндиларни энергияга айлантиришда Хитой билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

A A A
Чиқиндиларни энергияга айлантиришда Хитой билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, чиқиндиларни энергияга айлантириш тизимининг йўлга қўйилиши нафақат қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида инқилоб ясайди, балки иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга ҳам катта ҳисса қўшади.

“China Everbright Environment Group Limited” қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқувчи заводларнинг энг йирик етказиб берувчиси ва Хитойда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришнинг интеграциялашган тизимлари етакчи ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Катта тажриба ва илғор технологияларга эга бўлган компания қаттиқ маиший чиқиндилардан энергия ишлаб чиқарувчи ҳамда оқова сувларни қайта ишловчи замонавий корхоналарга сармоя киритади, қуради ва улардан фойдаланади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг кўптармоқли етакчи компанияси “China Everbright Environment Group Limited” делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Хитой томонига республикада чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, чиқинди морфологияси, ҳажми ва ёниш даражаси ҳамда соҳада инвесторларга яратилаётган қулай шароит ва кафолатли имтиёзлар ҳақида сўз борди.

Ҳамкорлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига ижобий баҳо бериб, компания муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, чиқиндилар ва ресурсларни фаол бошқариш глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг таъсирини 15 –20 фоизга камайтиради. Бу эса атроф-муҳитга ва иқтисодий жиҳатдан сезиларли афзалликларга олиб келади.

Учрашув давомида Хитой делегацияси вакиллари чиқиндиларни бошқаришда Вьетнам тажрибаси билан бўлишиб, чиқиндиларни ёқиш орқали энергия олиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Шу ўринда, юртимизда ҳам Вьетнам тажрибасидан келиб чиқиб, қурилиш ва фаолият юритиш учун 30 йиллик инвестиция муддати таклиф қилинди.

Якунда меҳмонлар Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ва Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси фаолияти билан таништирилди.

Шу билан бирга, Хитой делегацияси вакилларини Бухоро, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда оқова сув тозалаш иншоотлари фаолияти билан яқиндан таништириш режалаштирилган.

Киритилди: 09:44 18.07.2024. Ўқилди: 870 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!