Чехиянинг Градец-Кралове шаҳридаги савдо марказида содир этилган пичоқли ҳужумда аёллар ҳалок бўлди, дея хабар беради Euronews.
Гумонланувчи 16 ёшли ўсмирдир. Тез орада у қўлга олинди.
Полиция маълумотларига кўра, ҳалок бўлган иккала аёл ҳам ҳужум содир бўлган дўконда ишлаган.
— Биз гумонланувчини жиноят жойидан бир километр нарида 10 дақиқадан сўнг ушладик. Уни воқеа жойида махсус бўлинма гуруҳи қўлга олди, - деди шаҳар полиция бошқармаси матбуот котиби Ива Кормосова.
Чехия Бош вазири Петр Фиала марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
— Градец-Краловедаги воқеа шаҳар аҳолисини даҳшатга солди ва кенг ваҳима уйғотди, — деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Полициянинг айтишича, вазият назорат остида ва халқ учун хавф йўқ.