Бугун 16 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Бухоро, Қўқон ва Тошкентдаги янги маълумотлар марказлари жаҳон миқёсида эътироф этилди

Бухоро, Қўқон ва Тошкентдаги янги маълумотлар марказлари жаҳон миқёсида эътироф этилди

Uptime Institute халқаро сертификатлаштириш институти Uztelecom компаниясининг Бухоро, Қўқон ва Тошкент шаҳарларидаги тижорий маълумотлар марказлари лойиҳаларининг юқори даражадаги ишончлилиги ва узлуксиз ишлашини тасдиқлаб, уларга Tier III мақомини берди. Миллий IТ-ечимлар етказиб берувчисининг Бухоро ва Қўқондаги янги инфратузилма объектлари Тошкентдан 300 км дан ортиқ масофада жойлашган бўлиб, мамлакатда пойтахтдан энг узоқдаги маълумотларга ишлов бериш марказларига айланди.

Бухоро ва Қўқон каби стратегик аҳамиятга эга шаҳарларда замонавий инфратузилманинг пайдо бўлиши давлат ва хусусий компанияларга зарур IТ-ресурслардан бевосита ҳудудларнинг ўзида фойдаланиш имкониятини очиб беради. Корхоналар “colocation” хизмати доирасида сервер хоналарини қуриш ва уларга хизмат кўрсатиш учун капитал харажатлар қилмасдан ўз ускуналарини жойлаштириши ёки UzCloud булутли платформасида виртуал машиналарни ижарага олиши мумкин бўлади. Худди шундай хизматлар Тошкентдаги янги маълумотлар марказида ҳам тақдим этилади.

UzCloud’нинг географик тақсимланган инфратузилмаси бешта маълумотларни қайта ишлаш марказини (МҚИМ) ягона булутли контурга бирлаштиради. Бу тизимнинг ишдан чиқишга чидамлилигини, йирик авариялардан ҳимояни ва бизнес жараёнларининг узлуксизлигини таъминлайди – агар майдончалардан бирида носозлик юз берса, тизимлар бошқасида ишлашда давом этади. Муҳим аҳамиятга эга IТ-тизимлар учун фавқулодда вазиятдан сўнг тиклаш бўйича қўшимча хизмат – DRaaS (Disaster Recovery as a Service) мавжуд. У захира майдончаси, маълумотлардан нусха кўчириш ва бизнес талабларига мувофиқ олдиндан созлаб қўйилган тиклаш режасини ўз ичига олади. Хусусан, ушбу режа қанча маълумотни йўқотиш мумкинлигини ва тизимни қанча вақт ичида тиклаш зарурлигини белгилайди. Натижада компаниялар ягона булут доирасида ишончли, фалокатга бардошли архитектурага эга бўладилар.

Uptime Institute томонидан берилган Tier III мақоми маълумотлар марказининг барча асосий муҳандислик тизимлари захираланганини тасдиқлайди. Хизматларнинг узлуксизлиги ва ишдан чиқишга чидамлилигини таъминлаш учун МҚИМ қўшалоқ совитиш ва электр таъминоти тизимлари ҳамда захира тармоқ каналлари билан жиҳозланган. Шаҳар электр таъминоти узилиб қолса, узлуксиз қувват манбалари ва дизель-генераторлар ишга тушади. МҚИМ ва унда жойлашган жисмоний ёки булутли IТ-инфратузилма ўз ишини узилишлар ва тўхталишларсиз давом эттиради.

Маълумотлар марказларининг жисмоний хавфсизлиги ўта муҳим IТ-инфратузилма объектларига қўйиладиган талабларга тўлиқ жавоб беради. Уларнинг ҳудудида кеча-ю кундуз кириш назорати ва видеокузатув ташкил этилган, узлуксиз мониторинг олиб борилади ҳамда автоматик газли ёнғин ўчириш тизими ўрнатилган.

“Tier III сертификатларининг олиниши бу халқаро эътироф, шунингдек, Uztelecom’нинг мамлакат рақамли инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлари натижасидир. Биз учун бу “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида давлат томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги қадамдир. Биз жисмоний маълумотлар марказлари тармоғини ҳамда улар асосидаги UzCloud булутли платформасининг ҳисоблаш имкониятларини кенгайтирмоқдамиз. Ушбу қувватларда давлат идоралари, бизнес ва бошқа ташкилотлар рақамли хизматларни, корпоратив платформалар ва ечимларни, жумладан, сунъий интеллектга асосланганларини ҳам ишонч билан ишга тушириши ёки кўламини кенгайтириши мумкин. Яратилган ресурслар захираси ҳар қандай миқёсдаги IТ-лойиҳа барқарор ишлашини таъминлаш имконини беради”, – дея таъкидлади Uztelecom Истиқболли ривожланиш ва инвестиция лойиҳалари департаменти директори Умар Избасаров.

Бухоро, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида очилган янги маълумотлар марказлари “Uztelecom” миллий IТ-ечимлар етказиб берувчисининг географик тақсимланган маълумотлар марказлари тармоғини бешта объектга етказди. Ушбу учта янги майдончани 2026 йилнинг кузида фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Uptime Institute расмий реестрига кўра, “Uztelecom” Ўзбекистон ахборот технологиялари бозорида тижорий маълумотлар марказлари амалдаги Tier III сертификатларига эга бўлган ягона компания ҳисобланади.

Киритилди: 13:59 15.09.2026. Ўқилди: 590 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!