Трампнинг Киев ва Москва «энергетика сулҳи”га эришгани ҳақидаги баёнотига қарамай, Украина ва Россия бир-бирининг энергетика объектларига зарбалар берди.
15 сентябрга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари «Роснефт»нинг Самара областидаги Сизран нефтни қайта ишлаш заводига зарба берди, корхонада ёнғин чиққан. Тунда регион узра жами 40 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Таганрогда Ozon омборлари, маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхонаси, ўқув биноси, дўкон ва бир неча турар жойлар шикастланган. Astra маълумотига кўра, «Таганрог-Централний» ҳарбий аэродроми ҳам зарбага учраган. Таганрогда ҳам, Самара областида ҳам жабрланганлар тўғрисида хабар берилмаган.
Тонгда Россия дронлари Киевга ҳужум қилди. Саккиз киши жароҳат олган, зарба оқибатида шаҳарнинг Дарницкий ва Голосеевский районларидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ёниб кетган. Шунингдек, Киевнинг турли қисмларидаги омбор ва бир неча нотурар жойлар зарбага учраган. Запорижжяда инфратузилма объектига зарба оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳат олган.
«Россия энергетика, оддий логистика ва муҳим инфратузилмаларимиз бўйлаб зарба беришни тўхтатмаяпти. Бунга жавобимиз – сезиларли бўлади», – дея ёзди тонгда Украина президенти Володимир Зеленский.
Навбатдаги ҳужумлардан бир неча соат олдинроқ АҚШ президенти Truth Social ижтимоий тармоғида Москва ва Киев энергетика объектлари бўйлаб зарбаларни тўхтатишга келишиб олганини айтган, дизел нархи ошиб кетишининг асосий сабаби АҚШнинг Эрон билан уруши эмас, балки Россиянинг Украинага қарши уруши эканини қўшимча қилганди.