Бугун 16 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Бошланғич синф қизлари учун ҳижобни тақишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда

Бошланғич синф қизлари учун ҳижобни тақишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда

Германияда бошланғич синф қизлари учун ҳижобни тақишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Германияда қўшни Австриядан кейин кичик ёшдаги қизларга ҳижоб тақишни тақиқлаш масаласи атрофида баҳслар авж олди. Австрияда сентябрь ойи бошидан 14 ёшга тўлмаган ўқувчи қизларга мактабда рўмол тақиш тақиқланган, бу талабга риоя қилмаган ота-оналарга эса 800 еврогача жарима солиниши мумкин.

Саксония таълим вазири Конрад Клеменс бундай қоида Германиянинг бошланғич мактабларида ҳам жорий қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

Клеменснинг фикрича, ҳижобни диний сабабларга кўра тақиш ҳақидаги қарорни аёлнинг ўзи мустақил қабул қилиши керак. Унинг фикрича, кичик ёшдаги болалар ҳали бундай танловни мустақил амалга ошириш қобилиятига эга эмас.

Бу ғоя Берлинда ҳам муҳокама қилинмоқда. Адлия масалалари бўйича сенатор Фелор Баденберг маълум бир ёшгача бўлган қизлар учун ҳижобга рухсат бериш мумкинми-йўқми, деган масалани аниқ белгилаш зарур, деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, болалар ёшлигидан муайян диний ёки гендер ролига боғлаб қўйилмаган ҳолда ривожланиш имкониятига эга бўлиши керак.

Муҳокамага Берлин мактабларидаги ниқоб билан боғлиқ ҳолатлар ҳам сабаб бўлди. 8–9-синфларда бир нечта ўқувчи қизлар дарсларга юзини тўлиқ ёпган ҳолда келган, фақат кўзлари учун кичик тешик қолдирган. Мактаб раҳбарияти ота-оналар билан суҳбатлашганидан сўнг, қизлар юз ёпқичларини ечишган.

Ҳозирча Германия мактабларида оддий ҳижоб тақишга рухсат берилган ва у дин эркинлиги ҳуқуқи билан ҳимоя қилинади.

Берлин мактаб раҳбарлари вакилasi Карина Йениче эса ҳижобни 7-синфгача тақиқлаш тарафдори.

Унинг кузатувларига кўра, бошланғич мактабда ҳижоб тақишни бошлайдиган қизлар сони ортиб бормоқда. Айримлари ҳатто 4-синфданоқ ҳижоб тақишни бошламоқда.

Австрияда эса айрим ўқувчи қизлар янги тақиқни четлаб ўтиш йўлини топган: улар ҳижоб ўрнига капюшон ва шапкалар кийишни бошлаган.

Киритилди: 21:16 15.09.2026. Ўқилди: 1780 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!