Германия ташқи ишлар вазири Трампнинг ҳокимиятни алмаштириш чақирувидан сўнг Зеленскийни қўллаб-қувватлади.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украинада раҳбариятни алмаштириш ҳақидаги чақирувидан сўнг Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Европага барқарорлик керак. Бу эса биз Украина, шу жумладан, унинг ҳукумати тарафида қатъий туришда давом этишимизни ва президентнинг мураккаб вазифаларини бажаришини тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни англатади», — деди Вадефуль Берлинда ҳукмрон ХДС/ХСС блоки президиуми йиғилиши олдидан.
АҚШ президентининг сўнгги қарорлари ва баёнотларини ҳисобга олган ҳолда, Германия ташқи ишлар вазири Украина масаласида «изчиллик ва аниқлик» зарурлигини таъкидлади.
«Бизга Путин музокараларга тайёр бўлиши учун унга камроқ эмас, балки кўпроқ босим ўтказиш керак. Бу замон талаби ва федерал ҳукумат ҳам шу позицияга амал қилмоқда», — деди у.
Вадефуль АҚШнинг тинчлик келишувига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларига эҳтиёткорлик билан баҳо берди. Унинг таъкидлашича, Украина делегацияси Майамида Трамп вакиллари билан натижага эришиш йўлларини яна бир бор муҳокама қилган бир пайтда, Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудларини бомбардимон қилишда давом этган.
«Айниқса, ўтган ҳафта кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Бу инсоният учун ҳам, тинчлик учун ҳам фожиали ҳафта бўлди», — дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири.