Болгарияда Starlink сунъий йўлдош тизими антенналарини ёқиб юборганликда гумонланаётган Германиянинг 19 ёшли икки фуқаросини ҳибсга олиш учун Европа ордери берилди. Тергов тахминига кўра, 9 октябрь куни кечқурун Ислам З. ва Бейтулла Т. Софиядан жанубдаги тоғли ҳудудда жойлашган саккизта антеннани ёқиб юборган.
Объектда жами 18 та антенна бўлган: улардан учтаси бутунлай ёниб кетган, яна бештаси турли даражада шикастланган. Тергов маълумотларига кўра, йигитлар Болгарияга Сербиядан Германия давлат рақамига эга Volkswagen автомобилида кириб келишган, ўзларини сайёҳ деб таништиришган ва ўша куни кечқурун ортига қайтиб кетишган.
Эркакларга айблов 14 октябрь куни сиртдан эълон қилинган, икки кундан кейин миллий ҳибсга олиш ордери берилган. Эндиликда суд Европа ордерларини тасдиқлади. Айблов ҳукми чиқарилган тақдирда, улар уч йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Ҳодиса Европада Starlink инфратузилмаси объектларини ёқиб юбориш серияси фонида юз берди. Сентябрь ойида Польшада тармоқнинг ердаги станцияси ёниб кетган эди, Литвада эса ускуналарга хизмат кўрсатувчи компанияга ҳужум қилишга уриниш содир бўлгани хабар қилинган. Польшадаги ишда расмийлар Россия махсус хизматларининг алоқадорлигидан гумон қилмоқда, бироқ ушбу эпизодлар ва Болгариядаги ёнғин ўртасидаги боғлиқлик ҳозирча аниқланмаган.