Хитой, Россия, Покистон ва Жазоир ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгашида Исроилнинг Эрон ҳудудига, жумладан ядровий дастур билан боғлиқ иншоотларга қилган ҳаво ҳужумлари муҳокама қилинди.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва Исроил томонидан Эроннинг тинч ядровий объектларига қилинган ҳужумларни қоралашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «бундай ҳаракатлар ноқонуний бўлиб, халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солади». Небензя Исроилни «МАГАТЭ ҳимояси остидаги объектларга ҳам» зарба беришни дарҳол тўхтатишга чақирди.
Хитойнинг БМТдаги вакили Фу Цун ҳам Исроил ҳужумларини халқаро ҳуқуқни бузиш, Эрон суверенитетига таҳдид ва минтақавий барқарорликни издан чиқариш сифатида баҳолади.
Покистон вакили Асим Ифтихар Аҳмад бу ҳаракатларни «ҳарбий тажовуз» деб атади ва улар нафақат минтақани, балки бутун жаҳон хавфсизлик тизимини хавф остига қўяётганини таъкидлади.
Жазоир вакили Амар Бенжама эса бу ҳужумларни «провокациясиз ва асоссиз» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зиддир.
Йиғилиш чоғида Исроил ҳужумларини дарҳол тўхтатиш ва тинч атом соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя этиш ҳақида чақириқлар янгради.
Шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғaн Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-йиғилишида сўзлаб, Исроил Ғарбнинг шартсиз қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда ўз тажовузкор сиёсатини давом эттираётганини билдирди. У аввал Газа ва Ғарбий соҳил, кейин Ливан, Яман, Сурия ва ниҳоят Эрон ҳужумга учраганини эслатиб, Исроил бутун минтақани беқарорлаштириш ва тинчлик ўрнига фақат ҳадсизлик ва хаос тарқатишга ҳаракат қилаётганини қайд этди.