Бугун 12 март, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондан Форс кўрфази минтақаcидаги қўшни давлатларга қарши ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондан Форс кўрфази минтақаcидаги қўшни давлатларга қарши ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди

Халқаро ҳуқуқ ва хавфсизликни сақлаш учун масъул бўлган БМТнинг асосий органи томонидан тегишли резолюция 11 март, чоршанба куни, 15 аъзодан 13 тасининг овози билан қабул қилинди.

Резолюция матнини кўриб чиқиш учун Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши аъзолари (Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Кувайт, Уммон, Қатар ва Баҳрайн) ҳамда Иордания киритди. Ҳужжатда айтилишича, Эроннинг ушбу давлатларга қилган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади ва “жаҳон тинчлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид” солади. Ушбу ҳужжатда Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаган АҚШ ва Исроил тилга олинмаган.

Резолюцияда, шунингдек, Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали халқаро денгиз қатновини “тўсиш, халақит бериш ёки бошқа тарзда издан чиқариш”га қаратилган “ҳар қандай ҳаракатлари ёки таҳдидлари” қораланади. Яқин Шарқ мамлакатларидан нефт экспорти учун энг муҳим транспорт йўлларидан бири ҳисобланган ушбу бўғоз АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён амалда Теҳрон томонидан тўсиб қўйилган.

Резолюция бўйича овоз беришда Хавфсизлик кенгашининг икки доимий аъзоси — Россия ва Хитой бетараф қолди.

Эрон эса ўз навбатида Форс кўрфази давлатлари ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияни танқид қилди. Мамлакат вакили Амир Саид Иравоний буни “АҚШ ва Исроилнинг сиёсий мақсадларига эришиш учун БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатини суиистеъмол қилиш” деб атади, Эроннинг ўзи эса “тажовуз қурбони” эканини таъкидлади.

Киритилди: Бугун 12:15. Ўқилди: 341 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!