Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Беруний жон таслим қилиш вақтида ҳам...

Беруний жон таслим қилиш вақтида ҳам...

Ёқут Ҳамавийнинг «Муъжамул удабо» асарида буюк астроном, математик олим, тарих, луғат ва адабиёт соҳаларининг етук билимдони Абу Райҳон Беруний (362-ҳижрий санада туғилиб, 440-санада вафот этган) раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагилар айтилган: «Абу Райҳон ўзлаштириши кенг ва умумий ишларда юксак мавқеда бўлишига қарамасдан илм таҳсилига қаттиқ киришган, китоблар тасниф этишга астойдил берилган эди. У тинимсиз илмлар эшикларини очар, уларнинг сир-асрорларини ҳамда маълум ва номаълум қирраларини эгалларди. Унинг қўлидан қалам тушмас, кўзлари доимо китобга қараган, қалби эса фикрлаш билан машғул бўларди. Йил давомида икки кунгина эҳтиёжига ярайдиган озиқ-овқат ва ёзиш учун керакли ашёларни тўплашга вақт ажратарди. Сўнгра йилнинг бошқа кунларида фақат илм билан машғул бўлганларидан бошқа ташвишларга вақт ажрата олмасди».

Фақиҳ Абул Ҳасан Алий ибн Ийсо Валвалижий шундай гапириб берган: «Абу Райҳон Берунийнинг вафот этиши арафасида ёнига кирганман. У зўрға нафас олиб юраги сиқилиб ётганди. У етмиш саккиз ёшда эди. У шу ҳолатида менга қараб: «Бугун менга она томондан момоларнинг меросдаги улуши ҳақида нима дейсан?» деди. Мени унга раҳмим келганидан: «Шундай ҳолатда ҳам-а?» дедим. У: «Эй, менга қара! Дунёдан ушбу масалани билиб кетганим уни билмасдан кетганимдан яхшироқ эмасми?» деди. Мен унга ўша масалани айтиб бердим. У зот бу масалани ёдлаб олди ва ёдлаганларини менга айтиб берди. Ҳузуридан чиқиб кўчага етган ҳам эдимки, унинг вафот этгани учун йиғлаганларини эшитдим».

Илмда донишманд бўлган ушбу имом бешта тилни: араб, сурёний, санскрит, форс, ва ҳинд тилларини мукаммал эгаллаганди. Бу зот фалакиёт, тиббиёт, математика, адабиёт, луғат, тарих ва булардан бошқа илм соҳалари бўйича бир юз йигирмадан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. Катта шарқшунослардан бири Сахов бу зот ҳақида шундай деган: «У тарих таниган энг ақли буюк кишидир».

Машҳур шарқшунос Сартун эса шундай деган: «Беруний Ислом олимларининг энг улуғларидан ва дунё олимларининг энг катталаридан биридир». Бу зотнинг таржимаи ҳоллари ва илмий ҳаётлари ҳақида Ҳофиз Туфон Қадарийнинг «Туросу арабил илмий фи фалак ва риёзиёт» китобларидан кенгроқ маълумот олишингиз мумкин.

Киритилди: 22:30 23.02.2020. Ўқилди: 4663 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!