Шанба куни Берлиннинг Шарлоттенбург туманида бўлиб ўтган Gen Z regelt («Z авлоди ҳал қилади») ёшлар ҳаракати намойишида тахминан 1,2 минг киши иштирок этди.
Бу ҳақда Report нашри Berliner Zeitung газетасига таяниб, якшанба куни хабар берди.
Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, намойиш давомида 22 киши қўлга олинган. Жамоат тартибини бузиш, ҳужум қилиш, ҳибсга олишга қаршилик кўрсатиш ва портловчи моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича 13 та жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидланишича, намойиш иштирокчилари Савиньи майдонида тўпланиб, Курфюрстендамм кўчаси бўйлаб Халензе станциясигача юришган. Иштирокчиларнинг аксарияти 30 ёшдан кичик бўлган. Жамоат тартибини таъминлаш учун ҳокимият томонидан қарийб 700 нафар полиция ходими жалб этилган.
Намойишчилар мажбурий ҳарбий хизматга чақирув тизимининг қайта жорий этилиши, мактаблар, университетлар ва ижтимоий хизматларни етарлича молиялаштирмаслик, шунингдек, нархларнинг ошишига қарши чиқишган. Иштирокчилар талаблари орасида иқлимни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш ҳам бор. Намойишга Коммунистик ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам қўшилган.
Қайд этиш жоизки, бу Gen Z regelt ҳаракатининг Берлиндаги иккинчи йирик намойишидир. 31 октябрь куни Бранденбург дарвозаси олдида полиция маълумотларига кўра, қарийб 5 минг киши тўпланган. Ташкилотчилар эса иштирокчилар сонини 11 минг нафар деб баҳолаган.
Ҳаракатнинг навбатдаги йирик акцияси 20 ноябрь куни умумевропа ёшлар иш ташлаши доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Gen Z regelt ҳаракати Германия бўйлаб намойишларга чақирмоқда.
Берлиндаги тадбирда иштирок этиш учун 15 минг киши рўйхатдан ўтган. Шунингдек, пойтахтда Бранденбург дарвозаси ва Александерплац майдонида алоҳида намойишлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.