Тошкентда эркак ўйинчоқ тўппонча билан банкни ўмармоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса содир бўлган вақтда кузатув камераларига тушиб қолган кадрларни эълон қилди.
Тасвирда юзига ниқоб таққан шахс банкнинг хизмат кўрсатиш шохобчаларидан бирига ўйинчоқ тўппонча билан кириб, банк ходимасини қўрқитади ва ундан пул талаб қилади.
Банк ходимаси эса саросимага тушмай, ташвиш тугмасини босади. Буни кўрган эркак эса банкдан қочиб чиқиб кетади. Чақирув асосида воқеа жойига етиб келган ИИО ходимлари эркакни қўлга олди.
"Эрталаб уйдан чиққанимда набирамнинг кичкина ўйинчоқ тўппончаси чўнтагимда қолиб кетган экан. Озгина олди-бердим бор эди. Билмадим нега бу ишни қилдим, ўзим ҳам ҳайронман. Қарзлар сабаб тушкунликка тушган эдим. Юнусободга келиб, шу ишни қилиб қўйдим. Ичкарига кирганимда, ўзимга ўзим айтдим, "Зокир нотўғри иш қиляпсан", деб. Кейин, ўзим чиқиб кетдим. Ҳеч кимга тегмадим, пул ҳам олмадим. Ҳаммадан узр сўрайман, агар кечиролсангиз, кечиринг", — дейди гумонланувчи эркак.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.