Албания ҳудудий режалаштириш агентлиги Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер томонидан Сазан оролида амалга оширилаётган элита курортини қуриш лойиҳасига дастлабки рухсатни берди.
Бу ҳақда Албания бош вазири Эди Рама А2 CНН телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Якуний рухсатни олиш учун Кушнер техник чизмалар, экологик экспертиза ва атрофдаги ҳудудга таъсирни баҳолаш каби ҳужжатлар тўпламини тақдим этиши лозим бўлади.
Илгарироқ, январь ойида, Албания инвестицияларни ривожлантириш агентлиги (АИДА) лойиҳага стратегик мақом берган эди. Инвестициялар ҳажми 1,4 миллиард евро (тахминан 1,58 миллиард доллар) деб баҳоланмоқда, лойиҳа майдони эса 45 гектарни ташкил этади. Курорт қуриладиган Сазан ороли илгари совет сув ости кемалари базаси сифатида фойдаланилган ва ҳозирга қадар расман ҳарбий ҳудуд ҳисобланади, дея хабар бермоқда The Moscow Times.
Янги дам олиш масканини россиялик тадбиркор Владислав Доронинга тегишли швейтсариялик Aman Resorts компанияси бошқаради. Унинг сир тутиши туфайли уни "Рус Жеймс Бонди" деб аташган. Аман курортлари дунёдаги энг ҳашаматли дам олиш масканларидан бири ҳисобланади: тармоқ 20 мамлакатда 30 дан ортиқ меҳмонхонани бошқаради. Хонада бир кеча тунаш тахминан 1400 доллар туради, алоҳида виллаларни ижарага олиш нархи эса 50 000 долларгача етиши мумкин. Aman’нинг доимий меҳмонлари орасида Билл Гейтс, Марк Зукерберг, Анжелина Жоли, Девид Бекхем ва Том Хенкс каби машҳурлар бор.