Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий Америка халқининг асосий таҳдиди мамлакат ташқарисида эмас, балки АҚШнинг урушқоқ сиёсий элитаси ичида эканини билдирди. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги хабар берди.
Бағоий ижтимоий тармоқдаги саҳифасида АҚШ президентининг Лос-Анжелес ва Сан-Диего шаҳарларига Эрон томонидан эҳтимолий ҳужум қилиниши ҳақидаги даъволарига муносабат билдирди.
«Ҳукмдорлар ўз халқини қўрқитиш учун осмонда хаёлий душман образини яратади ва эътиборни ердаги ҳақиқий таҳдиддан чалғитишга уринади», — деб ёзди у.
Эронлик дипломатнинг таъкидлашича, асосий хавф АҚШ чегараларидан ташқарида ёки Лос-Анжелес ва Сан-Диего осмонида эмас, балки глобал оқибатларга олиб келадиган ноқонуний урушларни бошлаётган сиёсий элита фаолиятидадир.
Бағоий АҚШ президентининг шаҳарларнинг вайрон бўлиши «жуда арзон тўлов» бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гапларини ҳам танқид қилди. У буни аҳолини мавжуд бўлмаган таҳдид билан қўрқитиш ва ҳақиқий хавфлардан чалғитишга қаратилган «қўрқув сиёсати» деб атади.