Жорий йил 20 апрел куни БААнинг Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топган икки жиноий гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда тарқалган хабарларда можаро пичоқбозлик билан якунлангани, натижада гуруҳлардан бирининг етакчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, БААда Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолат юзасидан дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.
"БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди", дейилади Ўзбекистон ТИВ баёнотида.