Америка Қўшма Штатларининг Урушни ўрганиш институти (ISW) 26 апрель ҳисоботида келтирилишича, Россия 2025 йилнинг ёз ва куз фаслларида Украинага қарши янги ҳужум тактикасини ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Таҳлилчилар таъкидлашича, Россия Украина дронларига қарши курашиш мақсадида ҳужум операцияларида мотоцикллардан тизимли фойдаланишга ўтишга тайёргарлик кўрмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, яқинда Россия Мудофаа вазирлиги россиялик жангчилар ҳарбий полигонда икки-уч кишилик гуруҳларда мотоцикллар ёрдамида ҳужум ва мудофаа тактикасини машқ қилаётганини акс эттирувчи видеони эълон қилган: "Ушбу видео Россия ҳарбий кучлари мотоцикллардан тизимли равишда ҳужум учун фойдаланиш тактикасини ишлаб чиқаётганини ва Украинадаги Россия ҳарбий ходимларига кўпроқ миқдорда мотоцикллар етказиб беришга тайёргарлик кўраётганини кўрсатмоқда."
ISW Украина Қуролли кучлари Харков гуруҳи матбуот котиби Павел Шамшиннинг сўзларини келтиради. Унинг айтишича, Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари ўз аскарларига мотоцикллардан фойдаланган ҳолда жанг олиб бориш тактикасини ўргатмоқда. Бу эса Россия қўшинлари 2025 йилнинг ёзи ва кузида Украинадаги ҳужум операцияларида мотоцикллардан тобора кўпроқ фойдаланиши мумкинлигини кўрсатувчи белги ҳисобланади. Шамшин таъкидлашича, мотоцикллар рус аскарларига тезлик ва чаққонликни ошириш имконини беради, бу эса Украина дронлари зарбаларидан қочиш учун жуда муҳимдир. Шу билан бирга, мотоциклнинг баланд овози ҳайдовчига яқинлашиб келаётган дронларни эшитишга халақит беради.