Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи АҚШ билан ядро дастури борасидаги инқирозни бартараф этиш бўйича олиб борилган музокаралар жараёнидан мамнун эканлигини билдирди.
"Биз музокаралар жараёнидан қониқдик, иккала томон ҳам жиддий ёндашмоқда. Келишувга эришиш масаласида мен оптимистман, аммо эҳтиёткорлик билан", - деди у.
Аракчининг таъкидлашича, мулоқот "жиддийроқ муҳитда" ўтган, бироқ айрим келишмовчиликлар ҳам юзага чиққан. Шу боис томонлар ўз юртларида қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказишлари лозим: "Музокараларнинг учинчи босқичи аввалгиларига нисбатан жиддийроқ кечди, биз аста-секин техник тафсилотларга чуқурроқ кириб бормоқдамиз".
Унинг сўзларига кўра, МАГАТЕ экспертлари мулоқотнинг кейинги босқичига жалб этилиши мумкин.
"Энди биз аста-секин умумий масалалардан тафсилотларга ўтмоқдамиз. Бугун бизда иқтисодий масалалар бўйича мутахассислар иштирок этди. Кейинги учрашувда МАГАТЕ экспертлари ҳам бизга қўшилади деб ўйлайман", - деди вазир.