Россия Мудофаа вазирлиги 20 июнь куни Россия ҳарбий хизматчиларининг Украина ҳудудидан қайтарилгани ҳақида маълум қилди. Вазирлик хабарига кўра, алмашинув 2 июнь куни Истанбулда эришилган келишувлар асосида амалга оширилган. Унга жавобан Киевга украиналик асирлар гуруҳи топширилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам алмашинувни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, озод қилинганлар икки йилдан ортиқ вақт давомида асирликда бўлишган.
«Бу — Мариупол, Донетск, Луганск, Запорожье, Херсон, Харьков ва Чернигов ҳудудларининг ҳимоячилари. Қуролли кучлар, Миллий гвардия, Чегара хизмати жангчилари», — деди Зеленский.
Ҳар икки томондан озод қилинганлар сони аниқ кўрсатилмаган. РБК манбасига кўра, алмашинув тенг асосда амалга оширилган. Шу куни, 20 июнда, яраланган ҳарбийларнинг санитар алмашинуви ҳам давом этган.
Июнь ойи бошларида Истанбулда Россия ва Украина вакиллари оғир яраланганлар, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган асирлар, шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари алмашинуви бўйича келишиб олишган. Репатриация 11–16 июнь кунлари амалга оширилган. Украина маълумотларига кўра, унга 6057 нафар ҳалок бўлган ҳарбийнинг жасади топширилган, Россия эса 78 нафарни қабул қилганини билдирган.
9 июнь куни 25 ёшгача бўлган асирлар алмашинуви бўлиб ўтган. 10 ва 12 июнь кунлари оғир яраланганлар ҳамда бошқа жангчилар алмашинуви амалга оширилган. Июнь ўрталарида ҳеч қандай шартларсиз яраланганларни қайтаришни назарда тутувчи санитар алмашинувлар бошланган.
Алмашинувнинг сўнгги босқичи 19 июнь куни бўлиб ўтган. Аввалги ҳолатларда бўлгани каби, қайтарилган ҳарбийлар сони расман ошкор қилинмаган.