АҚШ Адлия вазирлиги Эрон ва Ироқ фуқаролигини олган уч нафар шахсга Европа ва АҚШда, жумладан, америкалик ҳарбийлар жойлашган Буюк Британиянинг Фэрфорд авиабазасида терактлар тайёрлашга алоқадорлик бўйича айблов қўйди.
Айбловлар Эрон ва Ироқ фуқаролигига эга Муҳаммад Бакер Саад Дауд ас-Саадий, Эрон фуқароси Моҳсен Муҳожирий ҳамда Ироқ фуқароси Муҳаммад Али ал-Ҳасанийга нисбатан илгари сурилган.
Америка тергови версиясига кўра, айбланувчилар Эрон тарафдори бўлган «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) манфаатлари йўлида ҳаракат қилган. Улар Европа ва АҚШдаги қарийб 20 та ҳужум ва уларни амалга оширишга уринишларда иштирок этганликда гумонланмоқда.
Жумладан, терговчиларнинг фикрича, гумонланувчилар 2026 йил сентябрь ойида Буюк Британия Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг Фэрфорд авиабазасида теракт тайёрлашни ташкил этган. Ушбу базада Америка ҳарбий самолётлари ва ҳарбий хизматчилари жойлашган бўлган.
Иш материалларига кўра, эҳтимолий ҳужумни бевосита мувофиқлаштириш билан ал-Ҳасаний шуғулланган. У Муҳожирий билан бирга Эронда бўлган ҳолда, ҳужумга тайёргарлик кўраётган Буюк Британиядаги шериклари билан алоқада бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, август ва сентябрь ойларида фитна иштирокчилари авиабаза ҳудудини кузатган, транспорт воситалари, ёқилғи ва портловчи қурилмалар тайёрлашда ишлатилиши мумкин бўлган материалларни харид қилган.
Сентябрь ойи охирида Британия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳужум учун мўлжалланган бўлиши мумкин бўлган учта микроавтобусни аниқлаган ва улар ичида бўлган шахсларни қўлга олган.
Шу билан бирга, ўша вақтда терроризмга оид бошқа иш бўйича Нью-Йоркда ҳибсда сақланаётган ас-Саадий ҳам шерикларининг ҳаракатларини мувофиқлаштиришда давом этган бўлиши мумкин. У қариндошлари орқали шифрланган хабарларни етказиб тургани тахмин қилинмоқда.
Америка расмийлари, шунингдек, айбланувчиларни Европанинг бир қатор мамлакатларидаги яҳудий жамоаларига қарши амалга оширилган ҳужумлар билан ҳам боғламоқда. Бу ҳужумларда ўт қўйиш воситалари ва портловчи моддалардан фойдаланилган.
Учала шахсга ҳам саккизта банд бўйича айблов қўйилган. Улар орасида террорчилик ташкилотларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида тил бириктириш, терроризмни молиялаштириш ва портлашлар тайёрлаш каби айбловлар бор.
Агар уларнинг айби судда исботланса, айбланувчилар умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
АҚШ Адлия вазирлиги таъкидлашича, айбловларнинг илгари сурилиши гумонланувчиларнинг айби исботланганини англатмайди. Суднинг якуний қарори чиқарилгунига қадар улар айбсиз ҳисобланади.