Бугун 10 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

АҚШда собиқ ҳарбий отиб ўлдирилади: қатл жараёни тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилиши айтилмоқда

АҚШда собиқ ҳарбий отиб ўлдирилади: қатл жараёни тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилиши айтилмоқда

АҚШ армиясининг собиқ майори Нидал Малик Ҳасан 3 декабрь куни отиб ўлдирилиши кутилмоқда. У 2009 йилда 13 нафар ҳарбийнинг ўлимига сабаб бўлган отишмада айбдор деб топилган. Пентагон маълумотига кўра, қатл жараёни тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади. Бу АҚШ ҳарбийлари томонидан 1945 йилдан бери отиб ўлдириш орқали амалга ошириладиган биринчи қатл бўлади.

56 ёшли Ҳасанни отиб ўлдириш таклифини АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет илгари сурган, президент Дональд Трамп эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

«Иккинчи жаҳон уруши даврида бизда бўлган руҳият менга маъқул», — дея Ҳегсетнинг сўзларини келтирган AFP агентлиги.

Фаластин келиб чиқишига эга АҚШ фуқароси Нидал Ҳасан 2009 йил 5 ноябрь куни Форт-Ҳуд ҳарбий базасида тиббий кўрик учун йиғилган қуролсиз ҳамкасбларига қарата ўқ узган. Ҳужум вақтида у «Аллоҳу акбар!» деб бақирган. Жавоб ўқи натижасида Ҳасан яраланган ва шундан бери оёқлари фалаж ҳолатда қолган.

Ҳарбий шифокор ўз ҳаракатларини Афғонистондаги мусулмонларни америкалик ҳарбийлардан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган.

2013 йилда Ҳасан айбловнинг барча 32 та банди бўйича айбдор деб топилиб, ҳарбий трибунал томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган. Суд жиноят «Ал-Қоида» террорчилик тармоғи мафкурасидан илҳомланган ҳолда содир этилганини аниқланган деб ҳисоблаган. Шундан бери Ҳасан Канзас штатидаги ҳарбий қамоқхонада сақланмоқда.

AFP агентлиги қайд этишича, Трамп 2025 йил бошида Оқ уйга қайтганидан кейин АҚШда ижро этилган ўлим жазолари сони кескин ошган. Мамлакатнинг бешта штатида суд ҳукми билан отиб ўлдириш усулига қонунан рухсат берилган.

Киритилди: 20:50 09.10.2026. Ўқилди: 579 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!