АҚШ Энергетика вазирлиги электр энергиясига талаб кескин ошиши ва ишлаб чиқариш ҳамда узатиш қувватлари етишмаслиги хавфи туфайли 13 штат ва Колумбия округини қамраб олган PJM электр тармоғи учун фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, тегишли буйруқ департамент раҳбари Крис Райт томонидан имзоланган. Ҳужжатда PJM Interconnection тармоқ операторига айрим электр энергияси ишлаб чиқариш блокларини ишга тушириш, зарурат туғилганда эса захира қувватларидан фойдаланиш топширилган. Бу чоралар электр таъминоти барқарорлигини сақлашга қаратилган.
Фавқулодда чоралар Виржиния, Делавэр, Ғарбий Виржиния, Иллинойс, Индиана, Кентукки, Мэриленд, Мичиган, Нью-Жерси, Огайо, Пенсильвания, Шимолий Каролина ва Теннесси штатларини, шунингдек, Колумбия округини қамраб олади. Буйруқ 13–16 октябрь кунлари амал қилиши белгиланган.
PJM Interconnection — АҚШдаги энг йирик минтақавий электр тармоқларидан бири бўлиб, мамлакатнинг шарқий қисмидаги кенг ҳудудда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатишни мувофиқлаштиради.