Вашингтондаги федерал округ суди “Озодлик радиоси” илтимосини қаноатлантириб, АҚШ Глобал Медиа Агентлиги (USAGM) томонидан ушбу медиакорпорацияни молиялаштиришни тўхтатишга вақтинчалик тақиқ қўйди.
“Озодлик радиоси” сайтида ёзилишича, суд медиакорпорациянинг агентликка қарши даъвоси тўлиқ кўриб чиқилгунча USAGM радиони ёпишга олиб келиши мумкин бўлган чоралар кўришдан тийилиши керак, деб ҳукм чиқарган.
Бундай чоралар қаторига USAGM томонидан “Озодлик радиоси” Қўшма Штатлар Конгресси ажратган маблағлар асосида ишлашга имкон берувчи грант шартномасини бекор қилиш қарори ҳам киради.
"USAGM раҳбарияти оддий бир жумла билан, деярли ҳеч қандай асос келтирмасдан, “Озодлик радиоси”ни фаолиятини тўхтатишга мажбурлай олмайди, ҳатто президент шундай буйруқ берган тақдирда ҳам", — дея ҳолатга изоҳ берди судя Ройс Ламберт.