Путин 160 минг кишини ҳарбий хизматга чақирди.
Россия Президенти Владимир Путин 2025 йилда баҳорги ҳарбий хизматга чақирувни ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, чақирув кампанияси 2025 йил 1 апрелдан 15 июлгача ўтказилади. Шу давр мобайнида Россия Федерациясининг 160 минг фуқаросини ҳарбий хизматга чақириш режалаштирилмоқда.
Ҳарбий хизматга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, захирада бўлмаган ва "Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонун талабларига жавоб берадиган россияликлар чақирилади. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан бошлаб чақирув ёшининг юқори чегараси 30 ёшгача оширилган эди.
Ушбу фармон билан президент чақирув бўйича хизмат муддати тугаган аскарлар, матрослар, сержантлар ва старшиналарни ҳарбий хизматдан бўшатишни ҳам топширди.
Бу йилги баҳорги чақирув олдинги кампанияларга нисбатан кўпроқ: 2024 йил кузида 133 минг киши, 2024 йил баҳорида эса 150 минг киши чақирилган эди.