Қўшма Штатлар Миллий разведкаси раҳбари Тулси Габбард лавозимини тарк этишдан олдин бир қатор йирик ички суриштирувлар натижаларини ошкор қилмоқчи. Булар қаторида COVID-19 пандемияси, "Гавана синдроми" ва 2020 йилги АҚШ президентлик сайловларига оид маълумотлар бор.
Бу ҳақда "Daily Wire" разведкадаги манбаларига таяниб хабар берди.
Ушбу махфий маълумотлар июн ойи давомида ҳар ҳафта бўлиб-бўлиб эълон қилиниши кутилмоқда.
Манбанинг билдиришича, Габбард шу вақтгача ҳукуматнинг 500 мингдан ортиқ махфий ҳужжатларини очиқлашга улгурган. Улар орасида Жон Кеннеди, Роберт Кеннеди ва Мартин Лютер Кинг қотилликлари, учувчи Амелия Эрхартнинг ғойиб бўлиши ҳамда Байден маъмуриятининг ички терроризмга қарши махфий режаларига оид ҳужжатлар мавжуд, дейилади хабарда.