"Манчестер Сити" мухлислари овозига кўра, Нико О’Райли жамоанинг мавсумдаги энг яхши футболчиси деб топилди.
Ушбу соврин учун курашда у жамоадошлари Абдуқодир Ҳусанов ва Жереми Докудан устун келди. Ҳар икки футболчи ҳам якуний учликдан жой олган эди.
О’Райли жорий мавсум «шаҳарликлар» сафида 53 та учрашувда иштирок этиб, 4043 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
Асосан чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаган футболчи 9 та гол ва 6 та ассист қайд этди. Шунингдек, у майдонда бўлган учрашувларда жамоа 14 марта ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган.
Маълумот учун, ўтган мавсум ушбу эътирофга Йошко Гвардиол сазовор бўлган эди. Хосеп Гвардиола шогирдлари АПЛнинг сўнгги турида «Астон Вилла»га қарши майдонга тушади.