Россия расмийлари маълумотига кўра, Украина дронлари босиб олинган Луганск вилоятининг Старобелск шаҳридаги коллеж ётоқхонасига тунги ҳужум уюштирган. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони олти кишига етган, 39 киши жароҳат олган, яна 15 киши бедарак йўқолган.
Россия президенти Владимир Путин “Қаҳрамонлар вақти” дастури иштирокчилари билан учрашувда ҳодиса юзасидан Мудофаа вазирлигига жавоб чоралари бўйича таклифлар тайёрлаш топширилганини айтди.
“Бундай ҳолатларда фақат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотлари билан чекланиб бўлмайди”, — деди Путин.
Унинг таъкидлашича, ҳужум уч тўлқинда амалга оширилган ва бинога жами 16 та дрон йўналтирилган. Путин ётоқхона яқинида ҳарбий объектлар бўлмаганини айтиб, дронлар Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани ҳақидаги версияни рад этди.
Украина томони эса тинч аҳоли нишонга олинганини инкор қилди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби Старобелск атрофида Россия армиясининг ўқ-дори омборлари, ҳаво мудофааси тизимлари ва штаб объектларига зарба берилганини маълум қилди.