Ижтимоий тармоқларда Асака туманидаги 14-мактаб ўқувчилари “Андижон полкаси” тадбиридан қайтаётган вақтда ЙТҲга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда айтилишича, ҳодиса оқибатида бир нафар ўқувчи вафот этган, қолганлари эса жонлантириш бўлимига ётқизилган. Воқеа ўқувчилар тадбирдан қайтаётганида эмас, унга бораётганида юз берган.
Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати “Дарё”га изоҳ берди. Маълумотда келтирилишича, ЙТҲ 23 июнь куни содир бўлган.
Асака тумани халқ таълими бўлими томонидан Андижон шаҳрида ўтказиладиган тадбирга тайёргарлик кўриш учун бориб-келадиган ўқувчиларга алоҳида автобус ажратилган. Аммо бир гуруҳ ўқувчи ўзбошимчалик билан Damas автомобилида кетаётган бўлган. Йўлда автомобил “ЗИЛ” юк машинаси билан тўқнашган. Ўқувчилар шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, улардан бир нафари вафот этган. Қолган ўқувчиларнинг ҳолати яхши, дейилади расмий ахборотда.
Қўшимча қилинишича, воқеа юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчилари суриштирув олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Андижонда ўтказилаётган “Турк дунёсининг маданий пойтахти — 2026” халқаро тадбири доирасида “Андижон полкаси” рақси Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум қилинишича, рекорд бир вақтнинг ўзида 20 минг нафар иштирокчи “Андижон полкаси” рақсини ижро этиши натижасида қайд этилган.