Бугун 12 октябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

Афғонистонлик собиқ мужоҳидлар етакчиси Толибонни фуқаролик уруши билан огоҳлантирди

Афғонистонлик собиқ мужоҳидлар етакчиси Толибонни фуқаролик уруши билан огоҳлантирди

Афғонистонлик собиқ мужоҳидлар етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр ҳокимиятни сайланган ҳукуматга топширишни назарда тутувчи тинчлик ташаббусини илгари сурди. У Толибон ҳаракатини таклифини қабул қилишга чақириб, акс ҳолда мамлакатда янги қўзғолон бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ҳикматёр Толибоннинг партизанлар ҳаракатини назорат қилиш имкониятларига шубҳа билдирди. Унинг фикрича, ҳаракат жамоатчиликнинг етарли қўллаб-қувватловига ва хориждаги самимий иттифоқчиларга эга эмас.

Шунингдек, у ҳаракат раҳбарига сўзсиз бўйсунишни танқид қилди, бироқ унинг номини очиқ айтмади. Собиқ мужоҳидлар етакчисининг таъкидлашича, афғонлар зулм ва адолатсизликка дуч келганда сукут сақлашда давом этса, мамлакатдаги ҳозирги вазият учун уларнинг ўзлари ҳам масъулиятни бўйнига олади.

Ҳикматёрнинг фикрича, давлат учун муҳим бўлган барча қарорлар сайланган вакиллик органи томонидан қабул қилиниши керак. У Толибоннинг сиёсий монополиясига ҳам қарши чиқиб, Афғонистон этник келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларга тегишли бўлиши лозимлигини таъкидлади.

2021 йилда Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин Ҳикматёр Кобулда қолган ва янги режимни қўллаб-қувватлаб келган. Бироқ вақт ўтиши билан ҳукумат унга босимни кучайтириб, фаолиятини чеклай бошлаган. Жумладан, унга тегишли Barya TV телеканали ёпилган, шунингдек, унинг масжидларда ваъз қилишини тақиқлашган.

2025 йил февраль ойида, Кобулдаги қароргоҳидан мажбуран кўчирилганидан бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтгач, Ҳикматёр Толибон ҳукмронлиги остида Афғонистонни «қоронғу келажак» кутаётганини айтган.

2025 йил декабрь ойида у тиббий сабабларга кўра, деган тахминлар билан Малайзияга кетган. Ҳозирда унинг қаерда экани номаълум.

Толибонга қарши чиқувчи Афғонистоннинг собиқ адлия вазири Фазел Аҳмад Манавий Ҳикматёрнинг баёнотлари ҳаракатнинг диний ва қабилавий таянчларига путур етказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, яқинда Толибонни танқид қилган покистонлик диний арбобнинг баёнотлари ҳам бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга.

Киритилди: 18:40 11.10.2026. Ўқилди: 646 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!