Россиядан 9-май куни “провокациялар” бўлиши мумкин. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Чехия президенти Пётр Павел билан ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Унга “Россия томонидан 9-май куни эҳтимолий провокациялар бўйича махсус хизматларда маълумот борми?” деган савол берилди.
“Афсуски, биз бу қўшнилар – Россия қандай давлат эканини ва улар, биринчи навбатда, ўз давлатларида қандайдир радикал сиёсий ютуқлар учун нималарга тайёр эканини тушунамиз”, – деди Зеленский.
Унинг айтишича, Россия Пасха байрамида “отишмани тўхтатдик” деганига қарамай, 100 мартадан ортиқ ҳужум қилган. Охирги кунларда эса россияликлар фронтда кунига 200 мартадан ортиқ ҳужум ўтказмоқда – бу сўнгги ойлардаги энг юқори кўрсаткич.
“Яъни, ишонч йўқ, провокациялар бўлиши мумкин. Лекин бу русларга боғлиқ. Агар ҳали ҳам кимдир уларга ишонса – марҳамат, ўзини синаб кўрсин”, – деди Украина президенти.
3-май куни Зеленский Украина бошқа давлатларнинг вакилларига 9-май куни Москвага ташрифлари вақтида хавфсизликни кафолатлай олмаслигини айтди. Чунки Россия томони уларга нисбатан ҳар қандай ҳаракатни қилса, Украина Россияда бўлаётган воқеалар учун жавоб бера олмайди.