Астана шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида Хитой раҳбари Си Цзиньпин маълум қилишича, 2025 йилда Хитой томонидан Марказий Осиё мамлакатларига 1,5 миллиард юань (тахминан 209 миллион доллар) миқдорида беғараз ёрдам ажратилади. Бу маблағлар аҳоли фаровонлигини ошириш ва минтақа мамлакатларида ривожланишга кўмаклашувчи лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
«Биз қонунчилик органлари, сиёсий партиялар, хотин-қизлар, ёшлар, ОАВ, таҳлил марказлари ва бошқалар ўртасида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрмиз. Давлат бошқаруви соҳасида, хусусан, яшил ривожланиш, камбағалликни қисқартириш ва коррупцияга қарши кураш бўйича тажриба алмашувини чуқурлаштириш ниятимизни билдирамиз», — деди Си Цзиньпин.
Унинг сўзларига кўра, Хитой ҳукуматлараро ва минтақалараро, расмий ва норасмий алоқаларни, шунингдек, чегараолди ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Хитой Марказий Осиё билан ҳамкорлик доирасида қуйидаги марказларни ташкил этишга қарор қилди:
камбағалликка қарши кураш маркази,
таълим соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш маркази,
чўлланишга қарши кураш маркази,
савдо учун қулай шароит яратиш майдончаси.