Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

«10 йил аввалгидек ишлаяпмиз»: «Яндекс» дата-марказларига зарбалар Россия аҳолисига қандай таъсир қилди?

«10 йил аввалгидек ишлаяпмиз»: «Яндекс» дата-марказларига зарбалар Россия аҳолисига қандай таъсир қилди?

Украина дронларининг бир неча кеча давомидаги ҳужумлари оқибатида «Яндекс» компаниясининг олтита дата-марказидан учтаси — Рязань, Калуга ва Владимир вилоятларидагиси йўқ қилинган ёки жиддий зарар кўрган. Бунинг натижасида тўловлар, етказиб бериш, такси, электрон почта, булутли хотира ва «Яндекс»нинг бошқа хизматларида узилишлар кузатилган. Компания серверларини ижарага олувчи бошқа ташкилотлар ҳам муаммоларга дуч келган.

🔹 Банк хизматларидаги узилишлар. DW нашри ўқувчиларидан бири ипотека тўловини амалга ошириш учун «Яндекс Банк»дан «Сбер»га пул ўтказа олмаганини айтган.

«Ипотека тўловини тўлашим керак, аммо пулимга кира олмаяпман. Фоиз тўлашимга тўғри келади», — деган у.

«Яндекс» фойдаланувчилар маблағлари хавфсиз эканини билдирган, бироқ барча хизматлар қачон тўлиқ тикланиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

🔹 Такси хизматидаги муаммолар. Шикоятларнинг катта қисми такси хизмати билан боғлиқ. Ҳайдовчилар буюртмалар учун пулни ўз вақтида олмаган, йўловчилар эса уларга машина бириктирилган-бириктирилмаганини кўра олмаган. Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ўзаро боғланиши ҳам қийинлашган.

Ҳайдовчилардан бирининг айтишича, «Яндекс Такси» иккинчи кундирки, умуман ишламаяпти ёки «10 йил аввалгидек» узилишлар билан ишлаяпти.

🔹 Муаммолар бошқа мамлакатларда ҳам кузатилган. Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь ва Сербиядаги фойдаланувчилар ҳам хизматлардаги узилишлардан шикоят қилган. Ўзбекистондаги ҳайдовчилардан бирининг сўзларига кўра, таксичилар буюртмалар учун тўловни ололмай, йўловчиларни қарзга ташишга мажбур бўлган.

🔹 «Суверен интернет»нинг заиф жиҳатлари. IT мутахассиси Леонид Юлдашевнинг фикрича, мазкур ҳужумлар Россиянинг «суверен интернет» тизимидаги заифликларни ҳам кўрсатган. Давлат фуқаролар ва компанияларни маҳаллий рақамли хизматларга ўтишга ундамоқда. Натижада тобора кўпроқ маълумотлар бир нечта йирик платформаларда тўпланмоқда.

Бу эса битта йирик платформадаги носозлик банк операциялари ва такси сафарларидан тортиб, таълим ҳамда иш жараёнларигача бўлган кўплаб соҳаларга бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатади.

🔹 Тиклаш учун ойлар керак бўлиши мумкин. Зарар кўрган қувватларни тиклашга бир неча ой кетиши эҳтимол қилинмоқда. Янги дата-марказларни қуриш эса икки-уч йил вақт олади.

Киритилди: 08:26 13.10.2026. Ўқилди: 526 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!